Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ бозорини тартибга солувчи орган ташкил этилади

Ўзбекистонда Энергетика бозори регулятори ташкил этилади. Бу ҳақда 12 февраль куни муҳокама учун эълон қилинган «Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида қайд этилди.

Унга кўра, ушбу регулятор электр энергияси ва табиий газнинг рақобатли бозорини тартибга солиш, лицензиялаш ва назорат қилиш функцияларини амалга оширади  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради. У ҳукумат таркибига кирмайди, Президент ва Олий Мажлисга ҳисобдор бўлади.

Регуляторнинг асосий вазифалари қаторига қуйидагилар киритилган:

  • энергетика соҳасида давлат улушини камайтириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш ҳамда энг яхши таклифлар ва энг замонавий технологияларни жалб қилиш орқали электр энергиясини якуний истеъмолчиларга етказиб бериш нархларининг асоссиз ошишининг олдини олиш;
  • энергетика соҳасида рақобатли бозорни шакллантиришни ташкиллаштириш, барча иштирокчилар учун тенг ҳуқуқлар ва шаффофликни таъминловчи бозор қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда барча бозор иштирокчилари томонидан мазкур қонун-қоидаларга риоя этилиши устидан доимий назоратни ўрнатиш;
  • электр энергияси тарифларини шакллантиришда аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид нормаларни жорий этиш;
  • асосий қурилмалари маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг технологияларидан ташкил топган электр станцияларни рағбатлантирувчи механизмни жорий этиш;
  • халқаро бизнес амалиётига мувофиқ, табиий ва суюлтирилган газ савдосини эркинлаштириш ва хизматлар сифатини яхшилаш;
  • мамлакат ичида суюлтирилган газ ташиш ва тарқатиш хизматлари учун иқтисодий асосга эга бўлган алоҳида тўланадиган тарифларни белгилаш.

Регулятор раиси мақомига кўра вазирга ҳамда раис ўринбосари вазир ўринбосарига тенглаштирилади. Регуляторнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлади.

Шунингдек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг электр энергияси марказий харид қилувчиси функциясини магистрал электр тармоқларини эксплуатация қилиш функциясидан ажратиш мақсадида «Uzpowertrade» АЖ ташкил этилади.

Унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • электр энергиясини экспорт ва импорт қилиш;
  • электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, хусусий капитал иштирокидаги корхоналардан электр энергиясини марказий харид қилувчи функциясини бажариш орқали қисқа ва узоқ муддатли шартномалар асосида харид қилиш;
  • электр энергиясини тўғридан-тўғри шартномалар асосида ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига, кейинчалик эса биржа савдолари асосидаги улгуржи бозорда сотиш.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 27 февралга қадар давом этади.