Президент иштирокидаги видеоселекторда аукционда қатнашиш тартибларини соддалаштириш, иштирокчилар сонини кўпайтириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди — деб бу хақда «UzNews.uz» нашри  хабар беради.      

Давлат мулкларини “1 сўм” қийматда сотиш амалиёти бекор қилинади

Фото: president.uzБугун, 1 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида давлат активларини хусусийлаштириш соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида 478 та давлат мулки 1 трлн 100 млрд сўмга сотилди.

Аммо, сотилиши белгиланган 556 та мулкдан 288 таси савдоларга чиқарилмаган. Шунингдек, давлат корхоналари ва банклар ихтиёрида уларнинг асосий фаолиятига хос бўлмаган 511 та объект ҳалигача сотилмасдан турибди.

Жорий йилда 900 дан ортиқ давлат мулки сотувга қўйилади. Энди давлат мулкларини “1 сўм” қийматда савдога чиқариш, ер участкаларини инвестиция мажбурияти билан сотиш амалиёти бекор қилинади ва улар бозор баҳосида электрон савдоларга чиқарилади.

Бундан ташқари, онлайн аукционда қатнашиш учун тўловлар бекор қилинади ва тадбиркорларга электрон рўйхатдан ўтиш харажатлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қоплаб берилади. Аукционда мулкни сотиб олганда, тўлов муддати ҳозирги 5 кундан 15 кунгача узайтирилади.

Энди давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларнинг бино-иншоотлари, транспорт воситаларини сотиш ва ижарага беришни фақат электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади. Мутасаддиларга ушбу янги тартибларни назарда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди.

Пойтахтдаги 13 та йирик кўчмас объекти ҳамда 11 та тармоқ корхоналаридаги давлат улушларини хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда сотувга чиқариш зарурлиги таъкидланди.

От qwert.uz