Мазкур фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мустақил ҳамширалик фаолиятни амалга оширишга қўйиладиган талаблар белгиланди

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлигиАввалроқ, ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари рўйхатига киритилгани ҳамда унга қўйилган бир қатор талаблар ҳақида хабар бергандик — деб бу хақда «UzNews.uz» нашри  хабар беради.      

Ҳукумат қарори билан мазкур фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ҳамширалик фаолиятни амалга ошириш учун ҳамшира махсус мобиль илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтади.

Шундан сўнг, ҳамширага маълумотнома расмийлаштирилиб, шу асосда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурида рўйхатдан ўтади ҳамда мустақил ҳамшира сифатида фаолиятини бошлайди. 

Қайд этилишича, мустақил ҳамшира ахборот дастурида маълумотларни бевосита ўзи киритиши ёки туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига келган ҳолда ахборот дастурида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Бунда малака тўғрисидаги сертификат бўлиши талаб этилади, мустақил ҳамшира таълим ташкилотини тугатганига 3 йил бўлмаган тақдирда ушбу сертификат талаб этилмайди.

Сўровнома тўлдирилгандан сўнг мазкур фаолият билан шуғулланиш имконини берувчи гувоҳнома автоматик тарзда расмийлаштирилади. Гувоҳнома чекланмаган муддатга берилиб, уни расмийлаштиришда ҳақ ундирилмайди. 

Низомда келтирилишича, мустақил ҳамширанинг шифокор кўрсатмасисиз ҳамда унинг тавсияси асосида аҳолига мустақил тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш бўйича ҳуқуқлари белгиланди.

Шунингдек, мустақил ҳамширага стерилизация қилиниши талаб этиладиган тиббий буюмлардан фойдаланган ҳолда аҳолига тиббий муолажаларини бажаришига, дори воситалари қабул қилишда ножўя таъсир ҳолатини аниқлаш мақсадида қўйилган синама ҳолатини баҳолашга рухсат этилмайди. 

Мустақил ҳамшира фаолиятни амалга оширишдаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун шахсан жавобгар ҳисобланади.    

Маълумот учун, мазкур фаолият билан шуғулламоқчи бўлган ҳамширалар давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган бўлиши керак.

От qwert.uz