Солиқ ва маъмурий енгилликлар, экспортни қўллаб-қувватлаш, судьяларга бюджетдан қўшимча ҳақ, коррупция устидан назорат ва бошқа тартиблар октябрь ойидан жорий қилинади.

Ўзбекистонда 1 октябрдан нималар ўзгаради?

Фото: t.me/huquqiyaxborotNorma.uz порталига кўра, 1 октябрдан Ўзбекистонда миллий қонунчиликда қуйидаги асосий ўзгаришлар амалга ошади  — деб бу хақда «UzNews.uz» нашри  хабар беради.      

Солиқ ставкалари ўзгаради
—  Айрим ишлаб чиқариладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари турларига солиқ ставкалари оширилади;
—  цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғининг ставкаси 20 дан 15% гача пасайтирилади.

ҚҚС суммаларини ҳисобга олишнинг янги тартиби жорий этилади
Экспорт қилинадиган товарлар ишлаб чиқарувчиси Ўзбекистондаги банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар кирувчи ҚҚСни ҳиcобга олиши мумкин.

Янги солиқ ва маъмурий енгилликлар
—  қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;
—  алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;
—  давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бир қатор назорат функциялари бекор қилинади.

Экспортни қўллаб-қувватлаш
—  Экспортни рағбатлантириш агентлиги йиллик экспорт ҳажми $20 млн дан ошган корхоналарга бир марталик молиявий ресурслар $5 млн гача миқдорда тақдим этишни бошлайди. Ресурслар экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир йилгача муддатга тақдим этилади;
—  охирги 12 ой давомида $1 млн дан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналар асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятига эга бўлишди;
—  юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хом ашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.

Божхона соҳасида янгиликлар
—  ДБҚнинг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида тоифадан ташқари мақомга эга бўлган масофавий электрон декларациялаш божхона постлари очилади. Улар ТИФ иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон БЮДнинг масофавий божхона расмийлаштирувини амалга оширади;
—  чегара божхона постларидаги инспекцион кўрик мажмуалари (рентген) билан ишлаш гуруҳлари ходимларига зарарли меҳнат шароитлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 40%и миқдорида ҳар ойлик устама берилади.

Судьяларга – давлат бюджетидан қўшимча ҳақ
Республика бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги тўловлар амалга оширилади:

—  судлар, Судьялар олий кенгаши судьялари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг кўп йиллик хизматлари учун устамалар;
—  Олий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг малака даражаси ва мансаб даражаси учун қўшимча ҳақ.

ККУни унинг қурувчиси бошқаради
Қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда унинг қурувчиси зиммасига юкланади, мазкур муддатга уй-жойдан фойдаланишнинг кафолат муддати жорий қилинади.

Юридик хизматлар — давлат даражасида
—  Бутун республика бўйича Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади;
—  Давлат бюджетидан молиялаштириладиган айрим давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмаларида 1 182 та юридик хизматлар штат бирликлари қисқартирилади. Бўшатилаётган штат бирликлари ҳисобидан Марказлар фаолиятини ташкил этиш учун 1 056 та штат бирликлари ажратилади;
—  «Е-huquqshunos» электрон тизими босқичма-босқич жорий этилади. У давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини беради.

Коррупция устидан қўшимча назорат
Барча давлат ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади. Уларнинг вазифалари жумласига қуйидагилар киради:

—  коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш;
—  уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш;
—  манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик; 
—  коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш.

Давлат органлари ўз иши тўғрисида ҳисобот беради
Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда камида бир маротаба ОАВ вакиллари иштирокида ўз фаолиятига оид ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб боради.

Жамоат тартиби хусусий назорат остида
Маҳаллаларда эксперимент тариқасида жамоатчилик назорати масканлари негизида электрон кузатув масканлари фаолияти ташкил этилади.

Инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш
Инвесторнинг қиймати 200 млрд сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25%дан кам бўлмаган лойиҳалари зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади.

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар
—  Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, иш берувчи ва ёш мутахассис билан 3 йилгача бўлган муддатга тузилган шартнома асосида ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча равишда ҳар ой тўлаб борилади. Шартлар қуйидагича: ёш мутахассис давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсататиши, нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий ОТМнинг бакалавр ва магистр даражасига ёки илмий даражага (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) эга бўлиши керак;
—  ёшларнинг «Бизнесга биринчи қадам» стартап ғоялари танловлари ташкил этилади. Ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар берилади. Энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бири учун 200 БҲМгача грант маблағлари берилади;
—  ҳар йили «Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб» танлови ташкил этилади. Муаллифлар — танлов ғолиблари 50 млндан 100 млн сўмгача миқдорда мукофот оладилар.

Электрон онлайн-аукционларни ўтказишнинг янги қоидалари
Аукцион натижалари бўйича пул маблағлари «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУКнинг махсус ҳисобрақамида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг, улар буюртмачи ҳисобрақамига ўтказилади.

Имтиёз олувчилар даволашни янги схема бўйича оладилар
—  Давлат тиббиёт муассасаларида (кейинги ўринларда – тиббиёт муассасалари) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёз олувчиларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади. Уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади;
—  Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ихтисослаштирилган муассасаларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузилган шартномалар асосида базавий нархларда молиялаштириш механизми жорий этилади;
—  ихтисослаштирилган муассасалар расмий веб-сайтларида бўлимлар кесимида мавжуд ўринлар сони, шу жумладан, бўш ўринлар сони, кўрсатиладиган тиббий хизматлар турлари ва нархлари жойлаштиради ва мунтазам янгилаб боради.

Кам таъминланган шахслар тўғрисида маълумотлар идоралараро даражада алмашинади
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилади.

Агросаноат электрон портални очади
Электрон агросаноат бозори портали тест режимида ишга туширилади. Унда қишлоқ хўжалиги ва асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқлари тўғрисида маълумот акс эттирилади, уларнинг нархини кузатиб бориш ҳамда товарларни онлайн сотиш имкони бўлади.

От qwert.uz