
Сиз қачондир энг қаҳратон совуқда, қизариб кетган бурнимизни шарфга ўраб, қўлларимизни қўлқопларга яширганимизда, кўзларимиз совуқни ҳис қилмаслиги ва умуман музламаслиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
Manba: «Factodrom.com»
Улар — биз ҳеч қачон «кийинтирмайдиган» ягона аъзомиздир, шу билан бирга, кўчада минус ўттиз даража совуқ бўлса ҳам, улар қиров билан қопланмайди ва бизга совуқдан азоб бермайди. Нега табиат ушбу нозик аъзони бундай ғайритабиий ҳимоя билан мукофотлаган?
Кўзларимизнинг музламаслигига асосий сабаб — совуқдан сигнал берувчи иссиқлик (термо) рецепторларининг йўқлигидадир. Кўзнинг шох пардасида (роговица) оғриқ ва сезиш (тактил) рецепторлари жуда кўп, аммо ҳарорат пасайишига жавоб берадиганлари деярли йўқ. Бироқ, совуқ ҳақида сигналнинг йўқлиги ҳимоя мавжуд эмаслигини англатмайди. Кўз олмаси бош суяги орбитасининг (кўз косасининг) чуқур қисмида ишончли тарзда яширинган ва кучли термоизолятор вазифасини бажарувчи ёғ тўқимаси билан ўралган. Бундан ташқари, кўзнинг орқа қисми қон айланиши жадал бўлган қон томирларининг зич тармоғи билан қопланган бўлиб, у аъзони ичдан доимий равишда иситиб туради ва совиб кетишига йўл қўймайди.
Яна бир сир ёш суюқлигининг таркибидадир. Бу шунчаки сув эмас, балки таркибида тузлар, оқсиллар ва липидлар бўлган мураккаб эритмадир. Ёшнинг шўрлиги уни оддий чучук сувга қараганда анча паст ҳароратда музлайдиган табиий антифризга айлантиради. Доимий равишда кўз қисиш (пипиллатиш) шох парда юзасидаги ушбу шўр пардани янгилаб туради ва қовоқларнинг ишқаланиши ҳисобига қўшимча равишда бироз иссиқлик ишлаб чиқаради. Кўзни ҳақиқатан ҳам «музлатиб қўйиш» учун эса уни камида -50°C ҳароратда ва кучли шамолда 5 дақиқа давомида очиқ ушлаб туриш керак! Аммо оддий қиш шароитида ички радиаторларимиз ва ёш ҳимояси бундай ҳолат юз беришига асло йўл қўймайди.
