Бизга аввалдан маълум бўлган касалликларга кундан кунга янги даво усуллари ишлаб чиқилмоқда. «Халқимизнинг тиббий онги паст», дейиш осон. Лекин билим аввал берилади, кейин сўралади. Баъзи касалликлар ҳақида гапириш уят ҳисоблангани учун одамлар уларнинг келиб чиқиши, даволаниши ва профилактикаси  тўғрисида етарлича маълумотга эга эмас  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради . Шундай касалликлардан бири — бавосил. Касаллик номининг ўзиёқ одамни хушёр торттиради, кимдадир кулги, кимдадир эса ғамгин ҳиссиёт чақиради. Узоқ вақт давомида очиқ операция йўли билан  даволаниб келинган бўлса, ҳозир геморройни даволашнинг замонавий, жарроҳлик амалиётидан кейинги ноқулайликлари деярли бўлмаган методлари қўлланилмоқда. «Дарё» колумнисти Сарвар Ғаниев шу касалликка батафсил тўхталиб ўтади.

Фото: Google Photos

Геморрой — тўғри ичак пастки қисмлари ва орқа чиқарув тешиги атрофидаги вена қон томирларининг кенгайиб, шишиш касаллиги. Бавосил билан дунёнинг 331 миллиондан ортиқ аҳолиси касалланган. Қанчалик ғамгин бўлмасин, икки оёқлаб юришимизнинг ўзи геморрой келиб чиқиши хавфини оширади. Тўрт оёқлаб юрувчи ҳайвонларда бу касалликка мойиллик йўқ. Тортишиш  кучи тўрт оёқли ҳайвонлар танасига бир хил таъсир кўрсатади. Одамда эса икки оёқлаб юриш сабабли қон кичик чаноқ бўшлиғи ва оёқларда туриб қолади. Бундан ташқари, ҳомиладорлик, кам миқдорда клечатка сақловчи парҳез, кучаниш, сурункали қабзият ва диарея, ҳожатхонада узоқ ўтириш, оғир юк кўтариш, узоқ вақт бир жойда ўтириб ишлаш (ҳайдовчилар, офис ишчилари) ва бошқа касалликлар, жигар сиррози, портал гипертензиянинг асорати сифатида ҳам юзага келади.

Касаллик симптомлари сифатида дефекация пайтида оғриқсиз қон кетиши (ёрқин қизил рангда оз миқдорда), анал соҳада қичишиш, оғриқ ва дискомфорт, анус атрофи шишини айтиб ўтиш мумкин.

Геморрой қуйидаги турларга бўлинади:

— жойлашган ўрнига кўра: ички ва ташқи геморрой;

— клиник формаларига кўра: ўткир ва сурункали геморрой.

Ички геморрой тўғри ичак бўшлиғида жойлашади ва ҳеч қандай белги бермайди. Кучаниш вақтида  тўғри ичак билан пастга тушади ва оғриқ чақиради. Ташқи геморрой ташқи чиқарув тешиги атрофи териси остида жойлашади. Ташқи таъсир туфайли қичиши ёки қонаши мумкин.

Асоратлари:

  • Анемия;
  • Тромбланган геморрой — бунда геморрой тугунчасида қон тўпланиб тромб ҳосил қилади. У эса ўз навбатида кучли оғриқ, яллиғланишни келтириб чиқаради.

Геморройнинг давоси икки хил: консерватив ва хирургик. Консерватив даводан мақсад маҳаллий қон айланишини яхшилаш, яллиғланиш жараёнларини бартараф қилиш ва оғриқни қолдириш. Дори препаратлари билан геморройни бутунлай тузатиб бўлмайди. Препаратлар ёрдамида фақатгина ўткир ва сурункали геморрой симптомлари енгиллаштириш, касаллик асоратларини профилактика қилиш, операцияга тайёрлаш ва реабилитацияда фойдаланиш мумкин. Асосий даво усули фақат ва фақат жарроҳлик амалиёти ҳисобланади.

Мана бунақа рекламаларга ишониб, пулингизни ва вақтингизни сарфламанг.
Фото: «Дарё»

Бавосилда қўлланиладиган асосий гуруҳ препаратлари:

  • йўғон ичак функциясини нормаллаштирувчи дори воситалари;
  • флеботроп препаратлар (вена қон томирлари тонусини оширади);
  • яллиғланишга қарши маҳаллий дори препаратлари (мазлар ва «свечалар»).

Бавосилнинг хирургик давоси

Геморройнинг ривожланиш босқичларига қараб жарроҳлик усули танланади. Унинг босқичлари:

I — стул вақтида геморроидал тугунларнинг тушишисиз қон кетади;

II — геморроидал тугунлар тушиши, лекин улар мустақил тўғри ичакдаги ўрнига қайтади, қон кетиши ёки усиз;

III — даврий равишда тугунлар тушади, аммо уларни қўл ёрдамида тўғрилаш зарурияти туғилади, мустақил ўрнига қайтмайди, қонаши ёки қонамаслиги ҳам мумкин;

IV — геморроидал тугунларнинг тўғри ичак шиллиқ қавати билан бирга  доимий тушиши, умуман тўғрилашнинг иложи йўқ, қонаши ёки қонамаслиги ҳам мумкин.

Геморройнинг  I–III босқичларида консерватив даво фойда бермаса, кам инвазив жарроҳлик методлари қўлланилади. Кам инвазив жарроҳлик усулларининг асосида кичик тешик ёки табиий тешиклар орқали жарроҳлик операцияларини ўтказиш ётади. Бунинг афзаллик тарафи шундаки, бемор организми минимал даражада травма олади ва операция турига қараб одатий ҳаёт тарзига 1–5 кун ичида қайтиб, ўз иш фаолиятини давом эттириши мумкин. Бу жуда ҳам қулай. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки авваллари жарроҳ қанчалик катта кесма билан операция қилса шунчалик маҳоратли деб эътироф этилган бўлса, ҳозирги кунда аксинча кесма қанчалик кичкиналиги ёки унинг умуман йўқли хирургнинг маҳоратини белгилаб бермоқда.

Энди I–III босқичларида қўлланиладиган жарроҳлик усулларига қайтсак. Геморройни даволашда қўлланиладиган кам инвазив жарроҳлик усулларига склеротерапия, инфрақизил нурлар билан коагуляция, геморроидал тугунларни латексли ҳалқалар ёрдамида боғлаш, ультратовуш допплерометрия остида  геморроидал тугунларнинг дезартеризацияси ва янги замонавий усул лазер геморроидопластика киради. Ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Склеротерапия

Бунда 45 даражага букилган игна орқали геморроидал тугун ичига склерозлантирувчи модда юборилади. Бу усул қўпол қилиб айтадиган бўлсам ички геморроидал  тугунларни «қуритиб» беради. Беморда катта операцияларга қарши кўрсатма бўлса ёки уни кўтара олмаса қонни тўхтатиш учун фойдаланилади. Инфрақизил нурлар билан коагуляция ҳам асосан қонни тўхтатишда фойдаланилади. Усулнинг афзалликлари:

  • осонлиги;
  • хавфсизлиги;
  • хирургик муолажадан кейинги оғриқнинг деярли йўқлиги;
  • қон-томирлар мўртлашган ва бошқа методлар учун қарши кўрсатмаси бўлган ёши катта беморлар мос келади;
  • битта сеанс давомида бир нечта тугунларни «қуритиш» мумкин;

Камчиликлари:

  • ташқи геморройда қўллаб бўлмайди;
  • ўлчамлари катта бўлган тугунларда эффектнинг йўқлиги;
  • касалликнинг сабабларини эмас унинг оқибатларини йўқотади;

Геморроидал тугунларни латексли ҳалқалар ёрдамида боғлаш

Метод II–III босқич геморройда қўлланилади. Бунда геморроидал тугун оёқчаси резина ҳалқа ёрдамида боғланади. Шундан сўнг тугунда қон айланиши бузилади ва 11–14 кундан сўнг тугун латексли ҳалқа билан бирга кўчиб тушади.

Усулнинг афзаллиги:

  • касалликнинг қайталаниш фоизи жуда кам;
  • скалпелдан қўрқадиган беморларни кўнглини хотиржам қилиб даволаш мумкин;
  • қисқа муддат ичида бажарилади;

Камчилиги:

  • операциядан кейинги оғриқ синдроми яққолроқ намоён бўлади;
  • бир вақтнинг ўзида иккитадан ортиқ тугун боғланса, адашган нерв симптомлари (юрак қисқаришлари сонининг камайиши, қон босими пасайиши, коллапс) пайдо бўлиши мумкин, шунинг учун ушбу метод босқичма-босқич даволашни талаб қилади, натижада амбулатор даво узоққа чўзилиши мумкин.

Ультратовуш допплерометрия остида геморроидал тугунларнинг дезартеризацияси

Бу усулнинг асосида ультратовуш ёрдамида тугунга келадиган артерияни топиб боғлаш ётади. Керакли артерия боғлангандан сўнг тугун 6–8 ҳафтадан кейин сўрилиб кетади.

Усулнинг афзалликлари:

  • касалликнинг сабаби бартараф қилинади;
  • II–III босқичдаги геморройда самарадорлиги жуда юқори;
  • веноз қон оқими яхшиланади;
  • амбулатор шароитда ўтказиш мумкин;
  • операциядан сўнг наркотик аналгетикларга зарурият йўқ;
  • амалиётдан сўнг бемор врач кўрсатмаларига амал қилган ҳолда 1–2 кундан сўнг меҳнат фаолиятига қайтиши мумкин;
  • бошқа тўғри ичак патологиялари бўлган тақдирда ҳам амалиётни бажариш мумкин.

Камчилиги:

  • ташқи геморройда қўллаб бўлмайди.

III–IV босқичдаги бавосилни даволашда геммороидектомия ёки геморроидал тугунни кесиб олиб ташлаш операциялари қўлланилади. Улардан Миллиган-Морган, Лонго, Уайтхед операциялари ҳозирги кунда кенг қўлланилади.

Уларнинг афзалликлари сифатида тўғри ичакдаги анал ёриқлари, оқмалар ва тўғри ичак тушишларида ўтказишга кўрсатмалар борлигини келтириш мумкин. Лекин бир қанча камчиликлари ҳам бор:

  • операциядан кейинги даврда қон кетиши;
  • амалиётдан кейинги даврда оғриқ синдроми кучли намоён бўлиши наркотик аналгетикларга зарурият туғдиради;
  • тўғри ичак каналининг торайиши;
  • ректовагинал, ректал оқмаларнинг пайдо бўлиши, тўғри ичак тешилиши;
  • узоқ муддатли реабилитация.

Айнан шу камчиликлар туфайли беморлар операциядан қўрқади. Лекин тиббиёт бир жойда қотиб қолгани йўқ. Геморройни даволашнинг энг охирги замонавий усулларидан бири — лазер геморроидопластика. Бунда бир нуқтадан кириб, лазер энергияси тугун ичидаги тўқималарни куйдирилиб, деструксия чақирилади, қон томирларини куйдириб, геморроидал тўқимада чандиқ ҳосил қилинади.

2014 йилдаги текширувда лазер геморроидопластика амалиётини очиқ геммороидектомия усули билан солиштирилган. Олинган натижаларга кўра янги усул классик методдан амалиётдан кейинги оғриқнинг даражаси ва операция давомийлиги, ундан кейинги реабилитацион даврининг қисқалиги билан яққол устунликка эга бўлган. Кам инвазив методлардан тугунни резина ҳалқа билан боғлаш амалиёти билан солиштирилганда лазер геморроидопластиканинг самарадорлиги юқорилиги аниқланган.

Усулнинг афзалликлари:

  • кам травмалилик;
  • ҳам ички ҳам ташқи геморройда қўллаш мумкин;
  • операция шиллиқ ости қаватида бажарилгани учун чоклар қўйилмайди бу эса амалиётдан кейинги оғриқ синдроми пайдо бўлиши хавфини кескин камайтиради;
  • жарроҳлик амалиёти вақтида ва ундан кейин қон кетмаслиги;
  • лазер таъсир кўрсатган соханинг яллиғланишларсиз битиши;
  • операция вақтининг қисқалиги;
  • жарроҳликдан сўнг чандиқнинг йўқлиги, анал скфинтер шикастланмаслиги;
  • касаллик қайталанишининг минимал фоизи;
  • лазер ёрдамида бир вақтнинг ўзида анал ёриқлари, оқмалари, кондиломалга ҳам ишлов бериш имконияти мавжуд;
  • соғайиш даврининг жуда қисқалиги.

Камчиликлари:

  • ушбу операцияни ўтказадиган мутахасислар ва клиникаларнинг Ўзбекистонда камлиги;
  • ҳар бир бемор учун алоҳида инструментлар тўплами сотиб олиниши керак, умуман олганда буни камчилик деб ҳам бўлмайди, чунки ҳар бир бемор учун алоҳида инструментлар ишлатилиши қон орқали юқадиган касалликларнинг профилактикаси учун мақсадга мувофиқ.

Шу ўринда одамлар орасида тарқалган «лазер билан даволаш ракка сабаб бўлади», деган мифнинг ёлғонлигини, унинг клиник рандом текширувларда исботланмаганиниайтиб ўтмасам бўлмайди. Хотиринггиз жам бўлсин, лазер нурлари ўсма касалликларини келтириб чиқармайди.

Ўзингизни қийнаб, операциягача, умуман айтганда геморрой билан касалланмаслик ҳам мумкин. Касаллик профилактикаси жуда оддий:

  • тўғри овқатланишга эътибор қаратинг: ҳар куни 1,5–2 литр суюқлик ичинг, клечаткага бой бўлган сабзавот ва мевалар ҳар кунлик овқат рационингиздан жой олсин, спиртли ичимликларни ва аччиқ қовурилган овқатлардан тийилинг;
  • дефекация гигиенасига риоя қилинг: кучанишлардан қочинг. Бунинг йўли осон — организмни куннинг маълум вақтига ўргатинг, шунда ҳеч қаерга шошилмайсиз. Яна бир гап, ҳожатхонада ўқиш, телефоннни титкилаш у ерда узоқ муддат қолиб кетишга сабаб бўлади, у ерда узоқ ўтириш эса геморройни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири эканлигини унутманг. Ҳожатдан кейин таҳорат олиш ҳам яхши амал;
  • Ҳаракат фаоллигингизни нормаллаштиринг: ўтириб ишлайдиган касб эгаси бўлсангиз, ҳар соатдан кейин 5–10 дақиқа жисмоний фаоллик учун танаффус қилинг, бу вақтни ичида ўтириб туриш ёки қорин пресси ва оралиқ мускулларини чиниқтирувчи машларга сарфланг, ҳеч бўлмаганда пиёда юринг;
  • Соғлиғингизга эътиборли бўлинг, қалқонсимон без касалликларида ичаклар фаолияти сусаяди, бунинг натижасида ич қотади, ич қотиши ҳам бавосилнинг асосий факторларидан бири. Семиришдан сақланинг.

От qwert.uz