.6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар Қорасув массиви Обод Маскан маҳалласи ҳудудида «Agromir Bilding» корхонаси томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган ишчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққан эди. ИИВ ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабатни тақдим этди — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради 

Фото: ИИВ ахборот хизмати

«Фуқаролардан, мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, тергов якунига кўра тўлиқ ахборот берилишига қадар, ижтимоий тармоқларда айланаётган видео тасвирларга номақбул изоҳлар беришларидан ўзларини тийишларини сўралган эди.

Афсуски айрим ижтимоий тармоқларда, бўлиб ўтган воқеани бўрттириб кўрсатиш, Ўзбекистон фуқароларини миллатчиликда айблаш ҳамда ўзбек-турк муносабатларига совуқчилик тушириш мақсадида, бўлиб ўтган ҳодисага гўёки ‘Турк ишчилари ошхонада ишлайдиган маҳаллий аёлни зўрлаганлиги оқибатида’  ёки ‘Жанжал маҳаллий ишчиларнинг ўзлари ва туркларга айни иш учун берилаётган ойлигидаги катта фарқидан келиб чиққан’ деган важларни келтириш ҳолатлари кузатилди.

Воқеадан бехабар айрим фуқаролар ушбу важларга берилиб, салбий изоҳларни тарқалишига сабабчи бўлмоқда», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар, Қорасув массиви Обод Маскан маҳалласи ҳудудида «Agromir Bilding» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қавватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган, Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасидаги келишмовчилик оқибатида, ўзаро тан жароҳатлари етказилган.

Суриштирув жараёнида, мазкур жанжал 1996 йилда туғилган Паяриқ тумани «Тохиршайх» маҳалласида яшовчи, якка тартибда мавсумий меҳнат билан шуғулланувчи ўзбек фуқароси С.П. «Agromir Bilding» МЧЖ томонидан ёлланган қурувчи-монтажчи бир нечта турк фуқаролари билан оловда исиниш баҳонасидан келиб чиққанлиги, шундан сўнг у авжига чиқиб, юзага келган жанжалга қурилишга ёлланган бошқа Ўзбекистон фуқаролари аралашиб бир-бирларига тан жароҳатлари етказилганлиги аниқланди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, қурилиш ишларига 1 800 дан кўп Ўзбекистон ҳамда 200 дан ошиқ Туркия фуқаролари жалб этилган.

Ушбу ҳолат натижасида Туркия давлати фуқароларидан тўрт нафари ва маҳаллий фуқаролардан бир нафари енгил тан жароҳати олган.

Суриштирув жараёнида шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Туркия фуқароларидан 4 нафари жабрланувчи, 11 нафари жанжалда иштирок этган фаол гувоҳ тариқасида ушбу жиноят ишига жалб этилган.

Шунингдек, 7 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жабрланганлиги, жиноят ишидаги иштирокчилик ва айблилик даражасига тергов ҳаракатлари давомида тўлиқ аниқлик киритилади.

Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти мутассади ходимлари томонидан ишчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилган, дейилади хабарда.

Мазкур маҳаллада қурилаётган кўп қаватли уйларда устачилик қилаётган беш киши 4 ноябрь, душанба куни ис газидан заҳарланган эди. 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси соат тахминан 23:30 да кўп қаватли уй-жой қурилишида ишлаётган беш нафар уста ётоқхона сифатида фойдаланилаётган хонани иситиш мақсадида темир идишда ўтин чўғини хонага олиб кириб ухлаган. Натижада, улар ис газидан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган.

Мавзуга доирСамарқанддаги қурилишда юз берган оммавий муштлашувда 3 нафар Туркия фуқароси жароҳат олди (видео)

От qwert.uz