«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қолаётган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони адашиб ёмон йўлга кириб қолган қиз.

Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради  .

Исмим Мубина. Яқинда 18 га кираман. Шу ёшимгача минг хил савдо бошимдан ўтган. Ичганман, чекканман, муштлашганман, «юрганман»… Хуллас шу пайтгача жуда кўп ёмон ишлар қилганман.

Суҳбатнинг аудио шаклини «Дарё»нинг YouTube’даги каналида кўришингиз мумкин.

Болалигимдан онамнинг калтакларини еб, қарғишларини эшитиб катта бўлганман. Очиғи, уни жуда ёмон кўраман. Сабаби онам мени орзуларимдан, келажагимдан айирган. Бу йўлга кириб кетишимга ҳам у сабабчи бўлган.

Фото: «Unsplash.com»

Келажакдаги энг катта ниятим зўр ҳуқуқшунос бўлиш эди. Мактабда яхши ўқиганман. Йўналишим бўйича фан олимпиадасида қатнашганман. Лекин онам ҳуқуқшунослик коллежига ўқишга топширишимга қаттиқ қаршилик қилган. Опам «рухсат беринг ўқисин, керак бўлса пул билан жойлаймиз», деб илтимос қилса-да, онам «йўқ, бу шаҳарга борса, йигитлар билан «юриб» кетади», деб рози бўлмаган. Ваҳоланки, ўша пайтда мен ҳеч ким гаплашмасдим, бировга қарамасдим ҳам.

Кейин мажбурлаб қишлоғимиздаги коллежга ҳужжатларимни топширтирган. Қизиқмаган соҳам бўлганигами, коллежга борардим-у, лекин ўқигим келмас, кўчага чиқиб кетиб, айланиб юрардим.

Ҳаётимни ўзгартирган кун

Мактабни энди битирган пайтим. Ўшанда давлат имтиҳонига кетаётгандим. Онам мени қўшнимизнинг тақинчоқларини ўғирлашда айблади. Ҳаммани чақириб, шармандамни чиқарди.

Онам «оёқ-қўлингни боғлаб, унинг олдига олиб кираман. Сендан қанақа қилиб пулни ундириб олса олаверади», деб айтган. Қочиб кетганман. Мени ноҳақ айблагани, орзуларимдан айиргани учун уларни азоблаш ниятида ёмон йўлга кириб кетдим.

Ҳамма ёмон ишни қилганман

Йигитлар билан «ўтирардим». Ичардим, чекардим. Шерикларим ҳам бўлган. Аксарияти билан тунги клубда танишиб қолганмиз. Кўпининг ёши мендан катта эди.

Бир рус дугонам бўларди. У доим «Мубина, сен ўзбексан, номусингни асрашинг шарт. Мен русман, менга фарқи йўқ. Кимдир мени севиб қолса олаверади, лекин ўзбек йигитлари ундаймас», деб мени авайларди. Бузилиб кетмасин деб уйимга олиб бориб қўярди. Онам эса уни жуда ёмон кўрар, сени шу қиз бузяпти дерди.

Фото: Google Photos

Пул борасида айтарли муаммойим бўлмаган.  Тунги клуб ва кафеларда офицантлик қилганман. Ўзим топардим, кейин йигитлардан ҳам олардим.

Дадам ҳам бу ишларимдан хабардор бўлган. «Бўлди, қизим, йиғиштир» дерди, лекин онам билан чиқишолмасам, барибир чиқиб кетардим.

Икки марта тарбияси оғир қизлар колониясида бўлганман

Уйдан қочиб кетаверганимдан кейин мени ички ишлар ходимлари ушлаб, тарбияси оғир қизлар колониясига олиб кетди. Кўп ўтмай дадам у ердан  документ қилиб мени олиб чиқди. Уйга келдим. Феълим оғирлашиб, гап кўтаролмай қолгандим. Сал нарсага асабийлашиб кетардим. Онам эса эски нарсаларни қўзғайверарди. Сен кўчага чиқиб кетгансан, у сан-бу сан деявергани учун яна уйдан қочиб кетдим. Анча пайт онамнинг, яқинларимнинг кўзига умуман кўринмадим.

Етти ойдан кейин мени топиб, яна ўша махсус коллежга қайтаришди. Бир муддат вақт ўтиб, яна уйга қайтдим.

Фото: «Unsplash.com»

Онамга бор-йўқлигимнинг фарқи йўқ

Ҳозир эски қилиқларимни йиғиштирганман. Уйда ўтираман. Бироқ ҳалиям онам билан чиқишолмаймиз. Оддий нарсаларга ҳам уришаверади. Нега мени тушунмайсиз десам, «сен мени тушунмайсан-ку, нега мен сени тушунай?» деб айтади. Ахир, оналар қизларига дугона бўлиши керак эмасми?

Онам жуда жанжалкаш аёл. Оилада айтгани айтган, дегани деган. Ундан ҳамма ҳайиқади, ҳатто отам ҳам. Дадам мени ҳар томонлама тушунади, бироқ онамга ҳеч нарса деёлмайди.

Менга «ҳозир яхши юриб тургин, яқинда четга кетасан, ҳаммасини бошидан бошлайсан», дейди. Онамга эса бор-йўқлигимнинг фарқи йўқ. Унга пул бўлса бўлди. Минг доллар билан мени танловга қўйишса, онам иккиланмай пулни танлайди.

Ҳамма мендан воз кечди…

Дилшод деган бола билан дискотекада танишиб қолганман. У билан анча пайт гаплашиб юрганман. Кейин бирга яшаганмиз. У онамнинг олдига бориб, қизингизни яхши кўраман, уни тарбиялаб бераман деб ҳам айтган. Биринчи марта колониядан чиққанимдан кейин ҳам у мени топган. Яна бирга яшаганмиз.

Бу орада мени яна колонияга олиб кетишди. Қайтиб чиққунимча уйланиб кетибди. Ёнига бордим, у ердан чиқдим, сизни қидириб юргандим, дедим. У бўлса «энди олдимга келма, мен уйландим, ҳаммаси тамом» деб айтди.

Уни яхши кўрмайман, шунчаки кўнгилхушлик учун яшаб юрибман деб ўйлагандим. Лекин ҳақиқатан ҳам яхши кўриб қолган эканман. Роса йиғладим. Ўзимни ўлдиргим келди. Лекин дугонам тасалли берди.

Фото: «Unsplash.com»

Нима сизни яшашга ундайди?

Ўзим ҳам билмайман… Менинг ҳам бошқалар каби ҳаётда ўз мақсадларим, орзуларим бор эди. Ҳуқуқшунос бўлиб, катта жойларда ишлайман, ҳамма кўриб ҳавас қилади деб ўйлар эдим.

Энди эса нима орзу қилишни билмайман. Гўё зулматда адашиб, қаёққа боришни, нима қилишни билмаётган одамдекман.

Афсусланаман…

Бу ҳаётга келганимга, онамга жаҳл қилиб, ҳаётимни барбод қилганимга афсусланаман. Мен шу ишларни қилсам, онам азобланади деб ўйлардим. Кейин билсам, аслида ўзимни ўзим азоблаган, шунча йилларимни қурбон қилган эканман. Ҳаммасидан минг пушаймонман. Энди ақлимни йиғиб олдим. Қанийди ҳаёт ортга қайтганида, яхши қиз бўлардим, фақат ўқирдим. Афсуски, энди кеч…

Мен тенги қизларга «нима бўлишидан қатъи назар ўзларингни қўлга олинглар, бу йўлга асло қадам босманглар, бировга қасд қилиб, ҳаётларингни барбод қилманглар», дегим келади.

Янги ҳаёт бошламоқчиман

Эндиги режам хорижга кетиб, ҳаётимни бошқатдан бошлаш. Ишга кираман, ҳалол меҳнат қиламан. Қишлоқда ўсганман. Қизлар тугул йигитларнинг ҳам иши қўлимдан келади. Энг муҳими, тезроқ бу ердан кетиш, у ёғи бир гап бўлар…

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.

От qwert.uz