Латифа (Сут кимники…)

Бир куни Афанди уйидаги сигирни сутини бозорга олиб бориб сотмоқчи бўлибди. Бозорга етай деганида, бир тўда безорилар галаси уни ўраб олиб, қўлидаги идишдаги сутни тортиб олиб, сўрабдилар:

— Бу идишдаги сут кимники?

— Меники! — деб жавоб берибди Афанди.

— Бекорларни айтибсан, бу сут сигирники — деб, безорилар уни калтаклаб, идишдаги сутни ўзлари билан олиб кетишибди. Эртаси куни Афанди яна сутни олиб, бозорга отланибди. Унга ўша кечаги безорилар қайта рўпара келишиб, кечаги саволни такрорлашибди. Афанди олдиндан нима дейишни ўйлаб қўйган экан:

— Бу сут давлатники — деб жавоб қилибди.

— Ие, давлатни сутини қанақасига ўзингники қилиб ўзлаштирдинг, давлат мулкини талон-тарож қилувчи аблах — дея, уни савалаб, сутини зўрлик билан олиб қўйишибди.

Кейинги куни, Афанди ўта зарур бўлганлигидан, яна уйидаги бор сутни олиб бозорга отланибди. Йўлда бу сафар хам аввалги безорилар галасига дуч келибди. Бу гал уларга бошқачароқ қилиб жавоб беришни ўйлаб қўйган экан:

— Сут кимники? — сўрашибди безорилар Афандидан.

— Ярмиси сизларники, ярмиси бизларники — деб жавоб қилибди Афанди, хеч бўлмаганда сутнинг ярмига умид қилиб.

— Оббо ярамасей, бизга тегишли бўлган нарса сенда нима қилади? Сен хали индамасак, бизни хақимизни хам ўзингникига қўшиб ўзлаштирмоқчимидинг? Энди гунохингни ювишинг керак! — деб, ўзини калтаклаб, қўлидаги барча сутни тортиб олишибди.

© МУАЛЛИФ