Салом кундош — дугонам,

Биз эмасмиз бегона.

Туғилган кунинг бу кун,

Зиёфат бўлсин тўкин.

Сенга деб торт пиширдим,

Сода солиб шиширдим.

Ичига солдим захар,

(Узр, захармас «сахар»).

Қайтариқни билмайман,

Мен унақа қилмайман.

Торт фақат сенинг учун,

Есанг, кўрсатар «кучин»!…

Кундошим, омонмисан,

Ўзингча бек, хонмисан?

Димоғдорсан намунча,

Тургин дунё тургунча.

(Индамайман бугунча),

Сабаби бордир бунинг,

Бугун туғилган кунинг,

Бўлай сени ўтининг,

(Чиқсин учун тутунинг!).

Қутлай таваллуд билан,

Совға олдим дид билан.

Совғам тиканли гулдир,

(Барибир у хам пулдир!…)

Салом сенга кундошим,

(Ўзим пиширган ошим,

Ўргилиб хам ичаман,

Айланиб хам ичаман).

Туғилган кунинг билан,

Ўзим айтаман ўлан.

Ўша бир-биримизни,

Таниган кунимизни,

Шараф билан эслайман,

(Ва лаънатлаб ташлайман).

Сен пайдо бўлиб, кейин,

Бизга қилдинг кўп қийин.

Майли шундай бўлса хам,

Қувончни кўриб бахам,

Таваллуд айёмингда,

Бирга туриб ёнингда,

Сенга бераман шарбат,

(«Режам» бўлмаса барбод!…)

Кийимни ялтиратган,

Кўзини мўлтиратган,

Хаётимга чанг солиб,

Сўнг ахволи танг қолиб,

Дий-диёни бошлаган.

Кўзларини ёшлаган,

Кундошимга бир салом!…

Авраб, алдаб, унатиб,

СМС лар жўнатиб,

Қайтариқ. ирим қилган,

Бахтимни ярим қилган,

Хақиқат қарор топиб,

Этакни бошга ёпиб,

Аввалига керилган,

«Қидирув»га берилган,

Кундошимга бир салом!…

Мени назарга илмай,

Босар-тусарин билмай,

Мен билан ўйин қилган,

Ўзига қийин қилган,

Кундошим айём билан,

Қутлайман совғам билан!…

(Аслида совға эсиз,

Лекин нима хам дерсиз!…)

«Кундош» — сўзин маъноси:

«Дош бер — кўрган кунинга»,

Бу тинч турмуш «вабо»си,

Эга бўл, ўз ўрнинга.

Машойихлар айтарлар,

«Кечиримли бўлинглар!».

Бордир бундан баттарлар,

Кечирайлик келинглар.

Бугун «азиз» кундошим,

Таваллуд куни экан,

Бугун мен шу «ювош»ни,

Табриклай қўяй секин!…

(Ямламай ютар тошни,

Агар бўлса у текин!…

  • Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
  • «Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz