Бўлмаган гап…(Хикоя)

Хар бир инсоннинг феъл-атвори ёшлигидан шакллана боради. «Нафақат ёшлигидан, балким мурғаккина гўдаклик пайтлариданоқ» дейилса, тўғрироқ бўлади.

Мен хам ёшлигимдан хар-хил уйдирмаларга, ажина, алвасти каби нореал нарсаларга ишонмасликни одат қилганман. Илгарилари, хатто бирон-бир давраларда шу мазмунда хикоя бошлашса, ғашим келиб, ўрнимдан туриб кетар эдим. Лекин. баъзан бахтга қарши, бу нарсаларнинг тамоман тескариси юзага келиши хам мумкин экан. Яъни…

***

Илгариги собиқ иттифоқ даври эди. Тақдир тақозоси билан, Россия ўлкасидаги шахарларнинг биридаги касалхонага тушиб қолдим. Ошқозонимдаги яра ёрилиб кетиб, оғир ва мураккаб тиббий амалиётни (операция) бошимдан ўтказдим. Хар қалай шифокорларнинг русча таъбири билан айтганда, «Қўшалоқ куйлакда туғилган» эканман. Яъни, улар ўта оғир холатлардан кейин, омон қолишга муваффақ бўлган кишиларгагина шундай таъбирни ишлатишар экан. Хақиқатан хам, икки суткада хушимга келганман. Шифокорларга нисбатан мендаги миннатдорчилик хислари ғоятда беқиёс эди. Лекин, энг асосийси хали бу эмас эди…

Кунлар ўтиб, мени «жонлантириш» бўлимидан палатага олишда. Палата касалхона жаррохлик бўлимининг четроғида жойлашган бўлиб, икки кишилик эди. «Яхши» дедим ичимда, «Бемалолроқ ётиб даволанарман, хар холда кўпчиликнинг шовқинидан кўра…».

Аксига олиб, менга палатадош шерик хам йўқ экан. «Ха, майли, келиб қолар…» — деган ўй-хаёллар ўтди назаримдан.

Кеч кирди. Кечқурунги муолажадан сўнг, уйқум келиб, ухлаб қолдим…

…Бир пайт чўчиб уйғонгандек бўлдим. Чунки, бу пайт каравотим ёнидаги девордан қандайдир «қўл» чиқиб келиб, мени бўйнимдан бўға бошлади. «Қўл» муздек эди. Мен хар қанча уринмай, «қўл» мени бўйнимни қўйиб юбормасди. Бақирай десам, овозим чиқмасди.Туш кўраяпманми ёки бу рўй бераётган нарсалар ўнгимда содир бўляптими, ўзим хам ғайритабиий холатда эдим…

Яхшиямки, бахтимга хамшира кириб қолди. У кириши биланоқ, халиги лаънати «қўл» секингина девор ичига ғойиб бўлди. Худди ёмон бир туш каби… Хамшира, хеч нима демай туриб, жимгина ёнимга келдида, пешонамни ушлаб кўрди. Сўнгра, нега қичқирганимни сўради. Мени эса хали хам, тилим айланмасди. Бу нима эди ахир? Галлюцинациями ёки шунга ўхшаш алахсираш холатими?

Палатага навбатчи шифокор хам кириб келди. У хам нега қичқирганимни сўради. Демак, бояги холатда «товушим чиқмаган» десам, аксинча, палатани бошимга кўтариб, қичқирган эканман-да!…

Шундан кейин, ўйлаб ўтирмай, уларга нималарни хис қилганимни айтиб бердим. Улар эса, айтганларимга унчалик ажабланишмади хам. Бир-бирларига маъноли қараб қўйдилар, холос. Худди шу нарса, мени қаттиқ хавотирга солди. Балким, менда амалиётдан кейин, миям чалғиб…Йўғе-е…Нахотки…

Хамшира хам, шифокор хам каттароқ ёшдаги кишилар эди. Улар менга қандайдир дори-дармонлар билан муолажа қилишди. Менга «сал чарчагансан, алахсираган бўлсанг керак» деб тасалли берган бўлишди. Сўнгра, хамшира мени олдимга яқинроқ келиб, курсига ўтирди-да, деди:

— Болам, биласанми, хаётда нималар бўлмайди дейсан. Сен яхши даволаниб олганингдан кейин, албатта хаммаси ўтиб кетади!…

У шуларни айтиб, палатадан чиқиб кетди. Лекин, мен бу палатада ёлғиз ётишга чўчидим, навбатчи шифокорга учраб, бошқа палатага ўтқазишини сўрадим…

Янги палатадошларим билан тезда чиқишиб кетдим. Бахтимга улар хам менга тенгдош йигитлар экан. Бир кун аввалги фикрларим ўзгариб, палатада қайтага кўпчилик, яъни тўрт киши эканлигимиз, биринчи марта мени севинтирди…

Бироқ, эртасига суриштириб билган нарсам, мени бир оз ўйлантирди. Ўша мен алахсираган палатада, бир пайтлар касалхонада бевақт вафот этган беморларнинг жасадлари вақтинча сақланганлигини айтишди. Лекин бу гаплар бир оз мавхумроқ эди, албатта…

Кунлар кетидан кунлар ўтиб, нихоят соғайдим. Касалхонадан рухсат беришди…

Мана ўшандан бери орадан анча вақтлар ўтиб кетди. Улғайдим, уйландим, фарзандларимни тарбиялаб, вояга етказдим. Уларни уйли-жойли қилдим, набиралик хам бўлдим…

Гўёки барча нарсалар ортда қолиб кетгандек, унут бўлгандек кўринсада, лекин хамон баъзан ўша касалхона, ўша хамшира, палата ёдимга тушади. Саволларимга жавоб топишга иккиланаман. Бўлиб ўтган нарсалар галлюцинациями ёки хақиқатми? Демак. рухлар бор нарсаларми? Балким алахсирагандирман? Мен кўпинча, ана шу охирги жавобда тўхталаман. «Ха. мен ўшанда босинқираганман!». Шундай дейману, яна ўша девор орасидан чиқиб, қўққисдан пайдо бўлган «қўл» хаёлимга келади. Гўё, икки ўт орасида бир зум туриб қоламан. Сўнгра, қайсидир ретро фильмдаги ажойиб жумлалар ёдимга тушадию, ўзимга тасалли бериб, беихтиёр кўзларимни юмаман:

— «Э-э, қўйсангизчи, буларни хаммаси бўлмаган гап!»…

  • Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
  • «Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ