Бир шахарда — бир ошпаз,
Танилган экан юртга.
Қилишар экан хавас,
Пазанда деб албатта.

Таомларини барча,
Севиб ейишар экан.
«Ширин» — дея — «намунча»,
«Рахмат» — дейишар экан.

Бир йигит қилиб ихлос,
Шогирдликка келибди.
Ошпаз хам ўйлаб бир оз,
Уни қабул қилибди.

Сўнгра ошпаз касб сирин,
Йигитга ўргатибди.
Йигитнинг билмаганин,
Амалда кўрсатибди.

Бир кун шогирдни ошпаз,
Синамоқчи бўлибди.
«Устоз бўлиш осонмас»,
Деб ичида кулибди.

Мўлжал қилиб бир четни,
Шогирдига кўринмай.
Бир товоқ лиқ гурунчни,
Тозалабди эринмай.

Сўнгра шогирд-йигитни,
Чақириб дебди шундай:
-«Сенга айтай бир гапни,
Мен билан ўтир бундай!

Шу гурунчни тозалаб,
Тўплаб қўйгин тошларни.
Мен келганда эрталаб,
Кўрсатасан уларни!».

Гурунчни кетгач ошпаз,
Тозалашга эринди.
Бундан унинг ишёқмас,
Ғирромлиги билинди.

Кўчага чиқиб шунда,
Териб кирди тошларни.
Ошпаз тонгда келганда,
Кўрсатибди уларни.

-«Сиз айтган юмушларни,
Адо этдим, эй устоз.
Кўриб қўйинг тошларни!»,
Ошпаз деди: «Жуда соз!».

Энди ишингни ўғлим,
Керакдир бахоламоқ.
Фикр юритсак соғлом,
Синов натижанг чатоқ!

Билиб қўйки, гурунчда,
Битта хам тош йўқ эди.
Қилбирлик қилиб ишда,
Бундан кўнглинг тўқ эди.

Лекин сен хато қилдинг,
Ўзингдадир хамма айб.
Чунки қовун туширдинг,
Шогирдлик хам сенга хайф!».

Айтиб гапнинг очиғин,
Қиссадан хисса қилсам,
Қинғир ишнинг қийиғи,
Чиқар қирқ йилда хам!…

Абдулла Пулатов

Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.

«Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz