Айшвария Рай билан бир қаторда Приянка Чопра ҳам Голливудда муваффақиятга эришган кам сонли ҳинд актрисаларидан биридир. 38 ёшли актриса The One Show телешоусида киносаноатнинг гўзаллик стандартлари ва ҳиндистонлик бўлгани учун машҳур лойиҳаларда асосий ролларни олиши қийин бўлгани ҳақида гапириб берди  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради.

Фото: The Indian Express

«Америкага кўчиб келганимнинг дастлабки йилларида мусиқа билан шуғулланганман ва ҳатто бир нечта пластинкалар чиқаришга ҳам муваффақ бўлгандим, аммо тез орада актрисалик фаолияти билан шуғулланишни исташимни англадим, — деб эслайди Приянка. — Мен Голливуд фильмларида ўзим учун қизиқарли бўлган ролларни излай бошладим, лекин тез орада тушуниб етдимки, ҳеч ким бош ролни ҳинд актрисасига беришни хоҳламас экан».

Фото:The Indian Express

«Мустақил жанрдаги ёки жангари фильмларни назарда тутмаяпман, машҳур Голливуд фильмлари ва телешоулар ҳақида гапиряпман. Бу менга ғалати туюларди, лекин шу билан бирга ўзимга нисбатан бошқача муносабатда бўлишим кераклигини англадим,  — дейди Чопра. — Чунки мен муваффақият қозонишимга чин дилдан ишонардим».

Приянка ҳақ бўлиб чиқди: 2015 йилда у Quantico сериалида бош ролни ўйнади ва Америка телешоуларида иштирок этган биринчи ҳинд актрисаси бўлди. «Ҳечдан кўра кеч яхши, лекин барибир кўнгилочар соҳага хилма-хиллик керак», — дейди актриса.

Quantico сериалида рол ўйнаган Приянка Чопра

Фото: Glamour

Приянка карьерасининг дастлабки вақтларида Голливуд продюсери унга бир қатор жарроҳлик операцияларини, жумладан, жағини тўғрилатишни маслаҳат берганини эслайди: «У менга агар актриса бўлишни хоҳласам, қоматимни тўғрилатишим кераклигини айтди ва қандайдир пластик жарроҳнинг телефон рақамини берди. Мен бу гапларни эшитиб, даҳшатга тушдим. Ўзимни бахтсиз ва ночор ҳис қилдим, ўзимдан орзум учун бундай муносабатларга чидашга тайёрманми, деб сўрадим».

Фото: Glamour

Приянка муваффақиятга эришиш йўли ва бу йўлда дуч келган қийинчиликлари ҳақида «Тугалланмаган» номли эсдалик китобида батафсил тўхталиб ўтган. Таъкидланишича, мазкур китоб 2021 йилнинг 9 февраль куни Америкада нашрдан чиққан.

От qwert.uz