Бу воқеани отам болалик кунларимизда, узоқ қиш кунларининг бирида сўзлаб берган эдилар…
…Ўша пайтларда чамаси, мен янги туғилган чақалоқлик вақтларим экан. Отам бир куни қоқ ярим кечаси узоқ қариндошимизникидан тўйдан уйимизга қайтади.
Бу чамаси тахминан 60-йиллар эди. Ой ойдин бўлиб, атрофни ўзининг нурлари билан чулғаб олишга уринаётган бир палла экан. Лекин осмонда оз-моз булут бўлганлиги боис, атрофни хар замонда қисман зулмат қоплар, кеч куз бўлганлиги сабабли, оёқ остида дарахтларнинг хазин япроқлари бирин-кетин эзилиб, синиб, ўзига яраша қандайдир сирли овоз чиқарарди. Узоқларда чиябўриларнинг ёш болани йиғисига ўхшаш чинқириқлари хар замонда қулоққа чалинар, яна қаерлардадир бойўғли, укки каби тунги қушларнинг вахимали сайрашлари тунги сукунатни бузар эди. (Бу ва юқоридаги барча тафсилотлар отамнинг хиссий кечинмаларини баён қилиши орқали ёзиб олинган).
Ўша даврларда ховлимизнинг атрофи қарийб дала бўлган экан.
Отам ховлимизга 10-15 қадам қолганда кўзи бир бахайбат нарсага тушади…
Не кўз билан кўрсинким, эшигимиздан 3-4 қадам нарида қандайдир хайбатли нарса отамга қараб турар эди. Унинг (бахайбат нарсанинг) кўзлари хар замонда ялт-ялт этиб ёнар эди. Бу хам етмагандек, худди ўлжасини сабрсизлик билан кутаётгандек бутун гавдасини у ёқдан бу ёққа тебратар эди.
Отам турган жойида тошдай қотиб қолади. Оғзи калимага келиши у ёқда турсин, назарида нафас кириб-чиқиши хам тўхтаган эди. Устига-устак тунги қушлар хайқириғи, чиябўриларнинг увиллаши “ўлганни устига тепган”дай бўлиб, вазиятга жиддий тус берар эди.
Отам шу тариқа қанча вақт туриб қолганлигини билмайди. Бир вақт ўзига келса, типпа-тик холда ўша аввалги жойида хайкалдек турганини пайқайди. “Ё тавба” дейди отам ўзига-ўзи, “Нахотки алвасти-ю ажиналарни…”….
Шунда отамда қаердандир шундай хиссиёт пайдо бўладики, бу хиссиёт отамни ўзини қўлга олишига ёрдам беради. Қуйидаги хикматли нақл отамнинг ёдига тушади: “Дахшатли нарсани узоқ вақт кутиш, дахшатли нарса рўй берган пайтидагидан кўра дахшатлироқдир!”. Отам ўзига-ўзи гапириб: “ Бу нарса мени бугун хам, эртага хам, индинга хам таъқиб қилиши мумкин. Ундан кўра, хар куни ўлгандан кўра, бир кунда ўлган афзал” дея, халиги “махлуқ”ни тепасига бостириб бора бошлайди. Ерда ётган кетмон дастадай тол новдасини қўлига олиб, “махлуқ”ни жон-жахди билан бир туширади. Лекин “махлуқ” пинагини бузмайди, жойидан қимирлаб хам қўймайди…
…Кейин маълум бўладики, каттакон серсавлат бу “махлуқ” баланд бўйли бир туп шўра бўлиб, азбаройи катталигидан салгина шабадада хам салобат билан “вахимали” тебранар экан. Ёниб-ўчаётган кўзлари эса, шўрага ин қурган каттакон ўргимчак инига ўлжа сифатида илиниб қолган ялтироқ тилла қўнғизларнинг ой нурида ялтираб, жилолангани, нур қайтаргани экан…
Отам эртасигаёқ, эрта азонда турибоқ, нонушта хам қилмасдан, каттакон кетмонни қўлга олиб, ховли атрофидаги барча бегона ўтларни битта қўймай чопиб ташлабди…
Орадан йиллар ўтди. Ховлимиз атрофида хам бирин-кетин уйлар қурилди. Аввалги дала ўрнида кўчалари асфальтланган махаллалар пайдо бўлди.
Лекин шундан бери, балки шу воқеа сабаблими, ховлимизда ва унинг атрофида, томорқамизда хеч қачон бегона ёввойи ўтларни авж олиб кетишига йўл қўйилмай келинади.
Азиз ўқувчи! Қиссадан хисса чиқариб, тўғри хулосага келасиз деган умиддамиз.
Саранжом – саришта бўлишга не етсин!..
Муаллиф