Бу воқеа гўдаклик пайтларимда рўй берган эди. Ўшанда чамаси 3 ёшларда бўлсам керак, яъни 1967 йиллар атрофи…
У вақтларда ховлимиз атрофи қий-дала бўлиб, ахоли жуда сийрак эди. Хуллас, уйдан кўчага чиқиб, ўн қадам юришим биланоқ дала худуди бошланарди. Пахтазор, кенг ва катта ариқлар, боғ-роғлар…
Бир куни уйимиздан кўчага чиқиб, бошим оққан томонга қараб йўлга тушибман. Рўпарамда каттакон ариқ келади. Ариқнинг кенглиги мен каби гўдак болани хатлаб ўтишига имкон бермасди. Шу пайт қаердандир от минган нотаниш амаки пайдо бўлади. У мени кўриб, ариқдан ўтишга чоғланиб турганимни фахмлайди ва мени бақувват қўллари билан даст кўтариб, отига ўнгаради. Кейин мендан сўраган бўлади:
- Болакай, қаерга кетяпсан, исминг нима, ота-онанг қаерда?
Лекин 3 ёшли боладан нимани хам билиб бўларди. Отлиқ амаки, бироз иккиланган бўлса керак, бироқ мен имо-ишора билан дала томонни кўрсатганимга эътибор бериб, отни етаклаб йўлга тушади. Биз турган ердан, чамаси бирор чақирим жойда бир мўйсафиднинг боғи ва кичкинагина уйи бўларди. У вақтларда далаларда хам онда-сонда кичикроқ уйи билан боғ-роғлар рўпара келарди.
Отлиқ амаки мени худди ўша дала ўртасидаги боғ эгасига топшириб, ўзи йўлида давом этади. Мўйсафид, боғ эгаси олдимга қурут, жийда, ўрик каби меваларни қўйиб, мени мехмон қилади. Мен эса бу нарсаларни элас-элас эслай оламан холос…
Мен мўйсафиднинг боғида кичик мехмон сифатида ўтирган чоғимда, ота-онам мени қидиришни бошлашган. Қидира-қидира, халиги мен ўтган ариқ ёнига келишиб, мени жажжи оёқларимни изи ариқ ёқасигача келганлиги ва ариқнинг у бетида изларим йўқлигини кўриб, хавотирга тушишади. Чунки, ариқ суви у вақтларда анчагина катта бўлиб, ёш болани оқизиб кетишга кучи етарли эди. Шундан кейин, “сувга тушиб кетган” деб гумон қилишиб, мени қидиришга бутун бошли махалла ахли бош қўшади. Хаммалари қўлларига таёқларни олиб, ариқни ичига суқиб, мени қидира бошлашган. Топиша олмагач, бироз бўлсада, умидсизликка хам туша бошлаганлар.
Бу орада кимнингдир хаёлига яқин атрофдаги капалардан, боғлардан хам қидириб кўриш фикри келиб қолган. Хуллас, шундан кейингина мени топишга муваффақ бўлишган. Бунгача эса, онам мендан умидини узиб, бир қанча кўз ёши тўккан экан.
Мени топган инсон эса, махалламиздаги қўшни аёллардан бири эди.
Шунда, у мендан топиб бергани эвазига нима беришимни сўрайди. Мен хам нима учундир, аввалдан тайёргарлик кўргандай, хеч иккиланмай, “Рўмол олиб бераман” деган эканман…
***
Орадан йиллар ўтди. Мактабни битирдим, олийгохни хам тугатдим. Харбий хизматга хам бордим. Уйландим, фарзандли бўлдим. Улар хам бирин-кетин вояга етишяпти.
Ўша гўдаклик чоғимдаги боғлар бузилиб, ўрни уй-жойга айланди. Ариқлар кичрайиб, деярли йўқ хисобда бўлиб қолди. Ахоли хам ариқларнинг қадрига етмай қўйишди. Салгина ёмғирдан кейин хам, ёмғир суви кўчаларга сиғмай оқадиган бўлиб қолган.
Онам хам кексайиб қолгандилар. Халиги мени топиб олган махалламиздаги аёлни эса, анча кексайиб, тўшакка михланиб қолган деб эшитдим. Шунда, гўдаклик пайтимдаги ваъдамни эсладим. Нима бўлганда хам, айтилган нарсани бажариш, ваъда қилинган нарсани бериш лозим. Бугун бор инсон, эртага йўқ. Шуларни ўйлаб, атайлабдан магазинга чопиб бордимда, рўмол сотиб олдим. Сўнгра, келиб онам иккаламиз халиги қўшни аёлнинг уйига йўл олдик.
Аёлнинг ёши 100 га яқинлашган бўлиб, деярли бировнинг ёрдамисиз мустақил харакатлана олмайдиган холда эди. У билан саломлашиб, хол-ахвол сўрагач, муддаога кўчдик. Аёл, бизни эшитгач, кулиб қўйдида:
- “Нима қилардинглар, овора бўлиб” – дея олди холос. Чунки, кўпроқ сўзларни гапириш учун хам аёлнинг холи йўқ эди…
Биз, онахоннинг дуосини олиб, уйга қайтдик. Шу тариқа, ўзимни қандайдир юкдан халос бўлгандай сездим.
Шу аснода, ўша гўдаклик чоғларимда ўзим хатлаб ўтолмаган ариқни қидириб топмоқчи бўлдим. Оёқларим хам беихтиёр йўл бошлади. Лекин ариқ ўрни йўқолиб, деярли текисланиб кетган бўлиб, ўша пайтлардаги ариқ бўйидаги толлар хам кесилиб, аллақачон йўқ бўлиб кетган эди. Қидириб-қидириб, айнан ўша ерни топа олмадим…
Аммо ўша от минган амаки, унинг мени ердан кўтариб олган бақувват қўллари ва кекса қўшни аёлнинг титраган жонсиз қўлларидаги рўмол хамон кўз ўнгимда гавдаланарди…
МУАЛЛИФ