Шундай дардлар борки, улар ҳақида етарли тасаввурга эга бўлмаганимиз боис уларга жиддий қарамаймиз (бу эса оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин), ёки бўлмаса касалнинг ўта «нозик»лиги боис у ҳақда бировга айтишга уяламиз. Жинсий хасталиклардан ташқари, ошқозон-ичак тизими бузилиши билан боғлиқ касаллликлар ҳам шу рўйхатга киради — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради. «Дарё» колумнисти Сарвар Ғаниев ўз мақолаларида ана шундай хасталиклар ҳақида қисқача маълумот бериб туради. Навбатдаги мақола шундай касалликлардан бири — таъсирланган ичак синдромига бағишланади.
Фото: «HelloDoctor.com»
Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида ҳеч бўлмаганда бир марта қориндаги оғриқ ёки ичакларимиздаги бузилишлар сабабли барча режаларимизни йиғиштириб, уйда қолишимизга тўғри келган. Шунга қарамай, бу ҳолат бир неча соат ичида ўтиб кетган. Бундай вазиятда врачга мурожат қилиш ғалати — ўзи ўтиб кетди. Аммо бу каби хуружлар доимий такрорланаверса, шифокор кўриги ҳақида ўйлаб қўявериш керак. Врачларнинг айтишича, тахминан ҳар ўн кишидан бири ой давомида бир неча марта ичакларнинг «ўзбошимчалиги»дан азият чекади. Одамлар бу синдром ҳақида етарли тасаввурга эга бўлмагани учун ўзларига даво излаб шифохонама-шифохона юраверади. Минг таасуф-ки, айрим «врачлар»нинг ўзлари ҳам таъсирланган ичак синдроми ҳақида тушунчага эга эмас.
Таъсирланган ичак синдроми (ТИС) — функционал бузилиш бўлиб, бунда органик ўзгаришлар бўлмайди, қоринда оғриқ, ноқулайлик ҳисси дефекация актидан кейин камаяди. Ахлат консистенцияси ва дефекация актлари сони ўзгаради ва улар охирги 3 ойда ҳар ой камида 3 кун мобайнида белги бериб туриши, шикоятларнинг умумий давомийлиги камида 6 ой давом этиши керак.
Аёллар бундан эркакларга қараганда икки баробар кўпроқ азият чекади. Келтириб чиқарувчи омиллар сифатида руҳий-эмоционал стресс, гинекологик ва эндокрин касалликлар, климакс, семизлик, буқоқ, ичак инфекциялари ва сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини кўрсатиш мумкин.
ТИС нажаснинг шакли ўзгаришига қараб қуйидаги турлари бор:
- Қабзият билан кечувчи ТИС;
- Диарея билан кечувчи ТИС;
- ТИСнинг аралаш тури;
- Таснифланмаган ТИС.
Таъсирланган ичак синдромини тасдиқловчи симптомлар:
- Метеоризм (қорин дам бўлиши);
- Стулнинг патологик характери (қаттиқ ёки суюқ);
- Стул сонининг патологик равишда ўзгариши (ҳафтасига 3 мартадан кам ёки кунига 3 мартадан кўп);
- Дефекация вақтида кучаниш;
- Дефекациянинг ўта зарурлик ҳисси;
- Ичакнинг тўлиқ бўшалмаслик ҳисси.
Бундан ташқари, бу белгилар охирги 3 ой давом этиши керак. Стресс симптомларни чуқурлаштиради, беморда нормал ҳаёт кечира олмаётгани туфайли безовталик ва депрессия пайдо бўлади.
Таъсирланган ичак синдромини даволаш
Биринчи ўринда парҳез ва ҳаёт тарзини ўзгартириш зарур. Бунинг учун касалликнинг диарея билан кечадиган турида беморларга қийин ҳазм бўладиган углеводлар, мевалар, ич қотиши билан кечадиган турида эса эрувчан толали маҳсулотларга бой парҳез тавсия қилинади. Эрувчан толаларга бой ва умуман олганда соғлом овқатланишда тавсия қилинадиган озиқ овқат маҳсулотларини қуйидаги суратда кўришингиз мумкин.
Фото: «UofmHealth.com»
Ҳаёт тарзини ўзгартириш ва парҳез учун зарур тавсиялар:
- Овқатни алоҳида ажратилган доимий бир вақтда истеъмол қилиш, овқатланиш вақтида шошмаслик ва энг муҳими иш вақтида овқатланмаслик. Овқатланишингиз керакми? Фақат шу билан машғул бўлинг. Қолган ишларни четга суриб қўйинг;
- Газли ичимликлар, чекиш, алкоголь миқдорини чеклаш;
- Овқат рационидан лактозани олиб ташлаб тест ўтказиш;
- Қорин дам бўлган вақтда ҳайвон ёғлари ва улардан таёрланган маҳсулотлар, карам, сут ва газли ичимликлардан воз кечиш;
- Диарея вақтида янги узилган меваларни 3 порсияга (ҳар бирида 80 граммдан) бўлиб истеъмол қилиш. Таркибида сорбитол мавжуд бўлган озиш учун воситалар, резинкали сақич, ичимликларни қабул қилмаслик;
- Бемор овқатланиш мундалигини тутиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шу орқали симптомлар кучайган кунлари қайси маҳсулотларни истеъмол қилгани аён бўлади ва кейинчалик уларни овқат рационидан чиқариб ташлаб, хуружлар сонини камайтириш, ҳаттоки синдромнинг ўзини ҳам бутунлай йўқотиб юбориш мумкин.
Дори воситалари билан даволаш
Дори препаратлари фақат врач томонидан буюрилади ва қуйидаги гуруҳ воситаларидан фойдаланилади:
- Спазмолитик препаратлар;
- Диарея ёки қабзиятни бартараф қилиш учун дори воситалари;
- Ичаклар моторикасини стимуллайдиган, осмотик ва кал массасини оширувчи ич юргизувчи препаратлар;
- Антидепрессантлар;
Ўтказилган текширувлар натижаларига кўра ТИС билан қийналадиган инсонларнинг 50–90 фоиз қисми психик бузилишлардан азият чекади. Баъзида бу синдромни даволаш учун бир неча марта психотерапевтга ташриф буюришнинг ўзи кифоя қилади.
Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган яхши, шундай экан мақоланинг сўнгги қисми касалликнинг профилактикасига бағишланади.
- Кўп миқдорда суюқлик ичинг;
- Оддий уйда тайёрланган қатиқни овқат рационининг ажралмас бўлагига айлантиринг;
- Газ ҳосил қилувчи маҳсулотларни чеклаш;
- Ёғли овқатларни камайтириш;
- Алкоголь, кофеин сақловчи ичимликлар ва коладан бутунлай воз кечинг;
- Ошқозон ва ичакларингизни қийнаб, «ётиб қолгунча отиб қол», демасдан ҳаддан ташқари кўп овқат еманг;
- Овқатни секин, яхшилаб чайнаб енг;
- Таркибида сорбитол сақловчи ва фруктоза қўшилган маҳсулотлар ҳақида унутинг;
- Ўзбекистон табиий қуруқ ва ҳўл мева-чева, сабзавот ва кўкатларга бой давлат. Овқатдан кейин десертга шу неъматлардан истеъмол қилганингиз ошқозон-ичак тизими учун ширинликлардан кўра фойдалироқ;
- Стрессни назорат қилишни ўрганинг ва унга олиб келувчи ҳолатлардан қочишга ҳаракат қилинг.