Кўпчиликда ҳеч бўлмаса бир марта шу қабилдаги савол пайдо бўлади: физикани ўрганиб нима қиламан, у менга ҳаётда керак бўлмайди-ку?!
Бундай саволни берган одамга, айниқса, ўсмирга бу фанни ўрганиш муҳимлигини қандай тушунтириш керак? Қизиқмаган одамга фандаги теорема, қонун ва формулаларни билишнинг афзал тарафини уқтиришнинг ўзи бўлмайди, албатта — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .
Фото: Google Photos
Бироқ одам қанчалик қайсар бўлмасин, барибир исталган одамга ҳаётда физикадан билимлар, албатта, керак бўлади. Бу шундай бир умуммаданий базис десак ҳам бўлади: масалан, одам мулоқот қилиш учун албатта ўз она тилининг қоидаларини билиши шарт, адашиб қолмаслик учун йўл топа олиши, яъни географиянинг энг минимум билимларини эгаллашга мажбур, шунинг сингари, айниқса, техника ривожланган ҳозирги замонда физикани билиш жуда муҳимдир.
Фақат физикани яхши билган одамгина уй-жой, заводлар, машина ёки электростанцияларни лойиҳалаши ва қуриши мумкин. Телевизор, автомобиль, космик аппаратлар ҳамда ҳатто энг оддий кийим-кечак ва овқат маҳсулотларини тайёрлаш учун ҳам физикани билиш керак бўлади.
Масалан, кўзойнак, телескоп, фотоаппарат ва видеокамера сингариларни физик олимлар ёруғликнинг ҳавода ва шишада қандай тарқалишини илмий ўрганишганидан кейин ихтиро қилинган. Кема, самолёт ва ҳаво шари сингарилар ҳам газ ва суюқликларнинг жисмга кўрсатадиган таъсири қонуниятларини пухта ўрганиш асосида яратилган.
Физикани билмасдан туриб соат, телефон, чангютгич, телевизор, музлатгич ва ҳоказо барча фойдали замонавий техникани яратиб бўлмасди. Уларсиз ҳозирда овқат пишириш, хонани тозалаш, мусиқа эшитиш сингариларни тасаввур қила олмайсиз, тўғрими?
Яна бир муҳим нарса бор. Ҳаммага ҳам қачондир бир кун келиб фарзанди нега камалак ёй шаклида экани, нимага пўкак чўкмасдан сув юзида қалқиши, нимага момақалдироқ чақмоқдан анча кейин гумбурлаши, нимага бармоқни розеткага тиқиб бўлмаслигини, қор қаердан ёғиши сингари миллион хил нарсаларни сўраб савол беради. Бу саволларнинг ҳаммасига жавоб беришга тўғри келади. Ҳеч бўлмаса ота ва ёки она сифатида фарзандингизнинг ҳафсаласини пир қилмаслик учун ҳам физикани ўрганиб қўяверинг.
Қўрқмасдан айтиш мумкинки, физиклар томонидан юз йиллар давомида эришилган билимлар замонавий одам турмушининг исталган ҳар бир жабҳасида ўз инъикосига эга. Шунчаки, ўзингизга ёки атрофингизга назар ташланг. Кўзингиз тушган ҳамма жойдаги нарсаларнинг ихтиро қилинишида, ишлаб чиқарилишида ва сизгача етиб келишида физика фани эришган ютуқларнинг улкан ҳиссаси мавжуд. Дунё, коинот қандай тузилгани ҳақидаги фалсафий саволлар ҳам барибир физикадан яхши бохабар бўлишни талаб этади. Ҳеч бўлмаса умумий миқёсда асосий тамойилларни билиш зарур бўлади. Шунда одам кўп бўлмағур ишлардан ўзини тияди ва энг камида ўзи учун фойдали иш қилган бўлади. Ва, умуман олганда, олам қандай тузилганини ва табиат қонунлари қандай ишлашини билиш бу – жуда қизиқ.
Музаффар Қосимов.