Бордию, ўзга сайёралик таксида кетмоқчи бўлса, бу қандай юз берган бўларди:

«Ўзга сайёралик хайдовчиси йўқ таксига бориб ўтирибди. Бир оздан сўнг такси хайдовчиси келиб ундан сўрабди: — Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?

— Таксида кетмоқчиман.

— Ўзингиз кимсиз?

— Мижозман.

— Аввал хам таксидан фойдаланганмисиз?

— Ха нима, таксида кетиш учун анкета тўлдириш керакми? Лекин, тўғрисини айтсам, таксидан умримда хали бирор марта хам фойдаланган эмасман. Чунки мен, ўзга сайёраликман!

— Унақа бўлса, мархамат қилиб мени жойимни бўшатиб қўйинг. Мен мана шу такси хайдовчисиман. Сиз хайдовчининг ўрнида ўтирибсиз!….»

Мабодо, ўзга сайёраликлар бизнинг сайёрамизга келиб қолсалар, атмосферамиз хавоси хақида қандай фикрларни айтишлари мумкин эди:

«Саодатли кунларнинг бирида ( агар адашмасам «Минг бир кеча» эртаклари шундай сехрли сўзлар билан бошланар эди, лекин бу эртак хам эмас, хақиқат хам эмас) ўзга сайёраликлардан бир гурухи ўз кемаларида учиб келиб, бизнинг сайёрамизга қўнишибди. Тақдир тақозосини қарангки, уларни ярим кечаси улфатчиликдан қайтаётган Соқи пиён кўриб қолибди. Кўрибоқ, қўрққанидан кайфи хам битта қолмай учиб кетиб, ўз хушига келиб қолибди. Шунинг учун хам қўрқса хамки, азбаройи қизиққонлигидан уларни бир четда яшириниб олиб, кузата бошлабди. Қарасаки, улар ўз кемаларидан тушиб, ер хавосидан тўйиб-тўйиб нафас олаётган эмишлар. Энг қизиғи шу эканки, улар кемаларидан тушаётганларида зўрға касал одамлардай тушишган бўлса, бир неча дақиқа ер хавосидан нафас олганларидан сўнг эса, олдингидан анча тетиклашиб қолганларига гувох бўлибди. (Лекин очиғи, бунга қадар Соқи пиён хеч қачон гувох бўлган эмас эди). Шунда яна уни қизиқиши устун келиб, шартта улар олдига бориб,таваккалига шундай дебди:

— Мухтарам ўзга сайёраликлар! қадамларингизга хасанот! Сайёрамизга хуш келибсизлар! Сизларни кўриб бошим осмонга етди. Агар олдинроқ билганимда албатта пойингизга қўй сўяр эдим (Лекин Соқи пиённинг хатто товуғи хам йўқ). Айниқса, сайёрамизнинг тоза мусаффо хавосидан тўйиб-тўйиб нафас олиб ўзингизга келганингизни кўриб, яна хам ғурурланиб кетдим!…

Буни қарангки, ўзга сайёраликлар ерликларнинг тилини бемалол тушунишар экан. Улардан каттароғи Соқи пиёнга баланд овозда шундай дебди:

— Нималар деб алжираяпсан, ўзингдан-ўзинг, бетовфиқ — овсар, тасқара, турқинга бир қара, сўтак!..(Лекин бу ўзга сайёраликлар хеч қачон «Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради» фильмини томоша қилишмаган). Соқи пиён ўзини қўлга олиб, дебди:

— Ие, нега унақа деяпсизлар, мен яна чин юрагимдан гапирган эдим ахир…

Ўзга сайёраликлар унинг гапини шартта кесиб, шундай жавоб қилибди:

— Биринчидан, биз сизнинг ер сайёрангизга фақат бетоб бўлганимизда келамиз. Бунинг сабаби, сизнинг сайёрангиз атмосфераси хавоси кимёвий моддаларга шунчалик тўлиб-тошиб кетганки, биз келиб, тўйиб-тўйиб нафас олганимизда, бизнинг организмимиз хаводан керакли химикатларни дори-дармон сифатида ўзига тортиб олади. Шу тариқа биз даволаниб, сўнгра яна ўз сайёрамизга учиб кетамиз. Лекин бизнинг цивилизациямиз хозиргача сиз ерликлар бундай хавога қандай мослашганингизга жавоб тополмаяпмиз. Иккинчидан эса, сен бизни кўрганингни ва бизнинг айтган гапларимизни унут. Тағин, 2-Жуманазар акага айланиб қолмагин! (Тавба, ўзга сайёраликлар Жуманазар акани қаердан хам эшитишди экан).

Хуллас, Соқи пиён шундан бери, бу нарсаларни (сирларни) ичида сақлаб, хеч кимга «айтгани» йўқ. Тўғри, қишлоқдаги улфатларига айтди холос, улфатлари хам 3-4 кишига айтишгандир. Мен хам сизларга айтдим холос. Ўз навбатида сиз хам эшитганларингизни хеч кимга «айтмайсиз» деб умид қиламиз!…..

Абдулла Пулатов

  • Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
  • «Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz