Бу воқеа анча ёшлик пайтларимда бўлиб ўтган эди. Ўшанда чамаси 4 — 5 ёшларда бўлсам керак. Ўзим тенги болалар билан дала шийпони ёнида ўйнаб юрган эдим. Шунда, мендан 5-6 ёш каттароқ бўлган қўшнимизнинг ўғли мени чақириб қолди. Мен истар-истамас унинг олдига бордим. Чунки, ўзим тенги болалар билан бирга ўйнаш, ўша пайтда мен учун бошқа барча нарсалардан устунроқ эди.

Халиги қўшни бола, мени қулоғимга яқинроқ келиб, знгашиб, «Қовун егани борамиз, ширин қовун, мазза қиламиз» деди шивирлаб. Бола эмасманми, дарров оғзимни суви келди. Секингина шерикларим томонга қарадим. Улар бизга қараш у ёқда турсин, хатто бизни унутиб хам қўйишган эди, гўё. Шовқин солиб, ўйинни давом этдиришмоқда эди.

Қўшни бола эса менга қараб, бошини сарак-сарак қилиб қўйди. Тушунишимча, бу унинг «Йўқ, уларни чақира кўрма» дегани эди. Сўнгра биз икковлон йўлга тушдик. Бир оз юргач, пахтазор майдони олдига етиб келдик. Пахтазор четроғида қовун полизи ястаниб ётарди. Мен полиз томонга қараб бир неча қадам ташладим. Қўшни бола мени шу захоти елкамдан қаттиқ ушлаб, «Тўхта» деган ишорани қилди. Кейин у менга тушунтира кетди.Мен шунда унинг гапларидан тушундимки, қовунларни шунчаки тўғридан-тўғри бориб эмас, яширинча эгасига сездирмай полизга кириб, ейиш мумкин экан. Яъни, халигидай ўғирлаб…

Тўғриси, ғалати бўлиб кетдим. Ўша пайтларда ёшгина бўлсам хам, уйдагилар хар доим ўғирлик нима, тўғрилик нима каби мавзуларда менга панду-насихату ва шу каби тушунтиришларни доим олиб боришгани сабабми, билмадим, ёшимга нисбатан анча улғайиб қолгандим. Шу тушунтиришлардан кейин хар сафар бировни нарсасини сўроқсиз олиш нақадар гунохли иш эканлигини англаб борардим. Лекин бола эмасманми, қўшни боланинг «уринишлари» зое кетмади. Мени ахири бир амаллаб кўндирди…

Пахтазор ичидаги «ўқ ариқ» ичидан эмаклаб боришни режалаштирдик. Хуллас, эмаклаб бориб, бир амаллаб полиз ичига етиб хам кирдик. Бошимизни ердан сира кўтармасдик. Бир нечта қовунни узиб, уларни олиб, эмаклаб, яна пахтазорнинг ўқ ариғига қайтдик. Ғўза кўчатларини бўйи баландроқ бўлганидан, энди ўтириб олдик. «Қўшни бола» ёнидан «очилиб-ёпиладиган» пичоғини олди, қовунларни бирин-кетин сўя бошлади. Биз қовунларни шошилиб ея бошладик. Шунчалик шошилиб ер эдикки, худди биров тепамизда туриб олиб, тезроқ, чала-чулпа ейишга мажбур қилаётгандек…

Нима учундир бу менга ёқмади. Чунки, қовунларни хадиксираб еганимизданми, билмадим, нима еганимни хам, унинг маза — матрасасини хам сезмадим…

Ўқ ариқдан яна эмаклаб, бир амаллаб катта йўлга чиқиб олдик. Ариқдаги сувда қўлларимизни ширасини ювдик. «Қўшни бола» менга қараб, бир тиржайдида, қўл силкиб, қаёққадир жўнаб кетди. Мен яна тенгқурларимга қўшилиб, ўйнай бошладим. Бир пайт мени биров қаттиқ овозда чақириб қолди. Ўгирилиб қарасам….

Чақирган киши бояги қовун полизи эгаси эди. Минг бир хавотир билан унинг олдига аста юриб бордим. Лекин юриб эмас, судралиб бораётганга ўхшардим. У менга кулиб қараб, «Юр мен билан» деган ишорани қилди. Мен хам унинг ортидан худди асирга тушгандек кетабердим. Тўғри қовун полизига кирдик. Дастлаб биз боягина «қўшни бола» билан қовунхўрлик қилган еримизга бордик. Лекин отахон менга лом-мим демади, фақат бир марта мен томонга маъноли қараб, жилмайиб қўйди. Мен унинг қаттиқроқ танбех беришини кутгандим. Лекин унақа бўлмади…

Қовунчи отахон полиздан каттагина қовунни узиб, мени капага бошлади. Капада қовунни сўйиб, гажлаб, мени олдимга суриб қўйди:

-«Ол болам, бу қовунлар айни пишиб етилган пайти, мазаси тилни ёради!».

Мен хам индамасдан қовунни тушира кетдим. Хақиқатан хам бу қовун бояги биз «сўрамасдан» олиб еган қовунимизга нисбатан жуда хам мазали эди. Қовунни хаммасини еб тугатолмадим. Орага жимлик чўкди. отахон менга савол назари билан қараб, мендан нимадир дейишимни кутаётгандек эди. Ўшанда мен:

-«Қовун ширин экан!»-дедим холос секингина.

-«Ха болам, қовунни яхши пишиб етилганини узишни билиш керакда, билмай хомини узилса, хам увол бўлади, хам киши қовун егандай бўлмайди» — деди отахон кийимларимга синчковлик билан қараб. Шундагина кийимларим боя «ўқариқ»дан эмаклаганимда лой бўлганини, бу нарсага болалигимга бориб эътибор хам бермаганлигимни, отахоннинг бизни қовун ўғирлаганимизни кўриб туриб хам хеч нарса демаганлигини пайқадим. Барибир, мен учун бу роса ғалати эди. Биз унга зарар келтирсагу, у бизни, яъни мени адабимни бериш ўрнига, қовун билан сийлаб, мехмон қилса!… Отахон мени ўнғайсизланганимни сезиб, бошимни мехр билан силаб, деди:

-«Ёмон болаларга қўшилма ўғлим, қачон қовун егинг келса, тўппа-тўғри олдимга келавер, хеч тортинма!»….

***

Орадан йиллар ўтди. Ўсиб-улғайиб, харбий хизматни хам, олийгохни хам тугатдим. Уйландим, фарзандли, уйли-жойли бўлдим. Қанча сувлар оқиб ўтди. Бу вақтлар ичида халиги отахон хам вақти соати етиб, бу ёруғ оламни тарк этди…

Бир куни замоннинг зайли билан, махалламиздаги тўйда, халиги «қўшни бола» (хозирги кунда у махалланинг хурматли оқсоқоли) билан бирга бир дастурхонда ўтириб қолдик. Гапдан-гап чиқиб, ўша қовун воқеаси эсимга тушиб, беихтиёр унга болалик пайтларимизни эслатмоқчи бўлдим. У эса, буни дарров инкор қилиб, «Нималар деяпсан, ука, мен умримда сира унақа ишларни қилган эмасман» деб, гапни бошқа ёққа буриб юборди. Мен хам шу билан бу мавзуни қайта кўтармай қўя қолдим. Барибир, сухбатимиз бир оз бўлсада, давом этгандай бўлди. Уларнинг сухбатидан шуни англадимки, ўша «қўшни бола» муборак хаж сафарига бориш учун тайёргарлик кўраётган экан. «Майли — дедим ичимда ўзимга-ўзим, барчаси хайрли бўлсин, ахир ёшликда нималар бўлмайди дейсиз!»….

…Эндиликда ўша пахтазор ва қовун полизи ўрнида кўпдан-кўп уйлар қад ростлаб, махаллар бунёдга келган. Гохида йўлим тушиб, ўша ерлардан ўтиб қоламан. Гохида эса, атайин, бир оз бўлсада вақт ажратиб, ўша ерга отланаман. Боришим билан, кўз ўнгимда нуроний отахон, пахтазор, қовун полизи гавдаланади. Болаликнинг ширин хотиралари ёдимга тушади.

…..Мана, хозир хам ўша ерда турибман. Отахон қовун полизи ўртасидаги капаси олдида менга қараб, қўлида қовун билан жилмайиб қараб турибди. Отахоннинг қўлида эса, каттагина етилиб пишган қовун. Хайратланарлиси эса, бу нарсаларни барчаси хаёлий бўлсада, мен хар сафар негадир ўша болалигимдаги қовун таъмини хис қиламан, бир неча сонияга болалигимга қайтаман.

Это изображение имеет пустой атрибут alt; его имя файла - ковун-копия-копия.jpg

Лекин , барибир вақтни, воқеликни, ўша инсонларни ортга қайтара олмаймиз…..

МУАЛЛИФ

От qwert.uz