Ахмад бува бозордан қайтмоқда эди. Бозордан харид қилган нарсалари жуда кўп бўлмасада, барибир йўлда ўзида чарчоқ пайдо бўлганини хис қилди. «Ха, қарилик қурсин, бекорга айтишмаганда, «Барча касалликни даъвоси бор, лекин қариликнинг даъвоси йўқ» деб. У шу тариқа ўй-хаёллари билан банд бўлганча, катта ариқни бўйига хам етиб келганини пайқамай қолди. Ариқдаги сув мавжланиб оқар, ариқ четидаги сувга тегиб ўсган ўт-ўланларни хар-хар замонда тортқилаб қўярди. Ахмад бува юкларини ариқ четидаги яккам-дуккам ўсган кўм-кўк ажриқлар устига қўйди. Рўмолчасини олиб терларини артди. Пича ўтириб дам олиш учун супами ёки шунга ўхшаш нарсани атрофга кўз ташлаб қидириб кўрди. Қизиқ, илгари кўпчилик хонадонлар олдида бир неча кишилик супалар бўларди. Хозир эса одамлар бунақа супаларга деярли эътибор қилмай қўйишган.
Шу пайт рўпарадаги эшик очилиб, у ердан эр-хотин олдинма-кетин чиқиб келишди. Ахмад бувани кўрибоқ, улар у билан саломлашишди-ю, шу захоти гап нимадалигини тушуниб, югуриб уйларидан эскироқ, лекин бақувват курсини олиб чиқиб беришди. Бува «Рахмат болаларим, барака топинглар» деганча курсига ўтирди.
— Чарчадингизми бува? — сўради йигит кулимсираб.
— Ха энди, болам, қаричилик, шу ерга келганда қарасам, дам олмасам бўлмайдиганга ўхшаб қолди…
Эр-хотин ариқ бўйига яқинроқ бориб, чўнқайиб ўтиришди. Сўнгра, қўлларини ювишга тутинишди. Ахмад бува, улар қўлларини шунчаки юваяпти деб ўйлаганди. У янглишганди. Эр-хотин совунни қўлларида обдон кўпиртириб, қўлларини бир-бирига ишқалаб, ариққа совун кўпикларини оқизганча «мароқ» билан қўл ювишни давом этдирардилар.
Ахмад бува чуқур бир хурсиниб қўйди. У бир. ўзи ўтирган курсига, бир, ариқдаги сув бетида қалқиётган совун кўпикларига қарарди. У ғалати ноқулай холат ичида қолганди. Уларга ариқ сувини ифлослантирмаслик хақида насихат қилай деса…
Улар қандай қабул қилишаркин. «Яхшиси индамаганим бўлсин» деди бува ичида. Деди-ю, барибир чидаб туролмади. Ичидаги фикрини енгилроқ тарзда, шаъма қилиб гапириб қўяқолди:
— Шу десанг, болам, илгарилари мана шу ариқнинг сувидан бемалол чой қайнатиб ичар эдик. Мазаси хам шунақанги ширин бўлардики, ичганинг сари, яна ичгинг келаверарди.
Буванинг гапи оғзида қолиб, йигит гапни илиб кетди:
— Сиз айтган тераклар кесилиб кетган, бобой! Бу сувдан ичиш у ёқда турсин, қўлни ювиш учун хам эхтиёт бўлиш керак. Одамлар уйида кирини ювиб, сўнгра тоғорадаги мағзавасини ариққа ағдариб юборишмоқда, хеч кимда инсоф қолмади-да ўзи…
Йигит шу гапларни айтаркан, гўё, қўлини ариқ сувида совунлаб ювиши, буни олдида арзимас нарса эканлигини таъкидлагандай бўлди.
Шундан кейин, ўртага бир оз жимлик чўкди. Ахмад бува курсидан туриб, бозор-учарини олдига борди.
— Ха отахон, чойлашсак бўларди! — деди йигит кулимсираб.
Бува бошини қимирлатиб, «йўқ, рахмат» дегандай ишора қилди. Сўнгра, улар билан қисқагина хайр-маъзур қилди-да, йўлида даъвом этди.
Ахмад бува ариқ ёқалаб кетар экан, ўй-хаёллари чалкашиб бормоқда эди. Чунки бояги эр-хотиндан нафратланай деса, курси олиб чиқиб «мехрибонлик» кўрсатганлари учун ичидагиларини рўйи-рост тўкиб сололмади. Лекин, барибир кайфияти бир оз бузилди. «Эх одамлар, нахотки шу оддий қоидаларга риоя қилишни билмасанглар? Табиат инъом қилаётган нарсаларни асраб-авайлаш кераклигини унутиб юборган бўлишса-я. Эх, аттанг!».
Ахмад бува ариқ ёқалаб бораркан, ариқ сувлари хам ундан ортда қолмаслик учунми, ёки бояги совун кўпикларини буткул йўқотиб юбормоқчи бўлибми, гўёки шу билан бувага тасалли бермоқчи бўлгандай, ариқнинг гох у қирғоғига, гох бу қирғоғига урилиб — урилиб оқиб борарди. Лекин бува бу нарсаларга эътибор бермас, аксинча унинг хаёли бу пайтда бошқа ёқларда, узоқ ўтмиш хотиралари билан банд эди….