Мих (хикоя)

Кўпчилик хонадонларда кунлар исиши биланоқ хар-хил катта-кичик хажмдаги қурилиш ишлари бошланиб кетади. Буни натижасида ховлида бир оз бўлсада, тартибсизлик юзага келади. Атрофда эски эшик-деразалар дейсизми, хуллас, ғишт, тупроқ уюмлари ва бошқа шу каби қурилиш ашёларига тааллуқли нарсалар уюлиб ётади.

Лекин буларнинг ичида энг хавфлиси албатта михлари суғурилмаган тахта-ёғочлар хисобланади. Айниқса ўткир тиғли михлари юқорига қараб турган тахталарни айтмаса хам бўлади.

Худди шунга ўхшаб, қўшниларимдан бири хам, эски иморатларини бузиб, ўз уйида юқоридагидек «тартибсизлик»ни бошлаб юборишди. Мен хам уларнинг хонадонлари олдидан ўтиб кетаётиб, қўшнимга ўзимча маслахат бермоқчи бўлдим:

— «Қўшни, энди айбга буюрмайсиз-да, мана шу эски иморатингиздан чиққан тахталардаги михларни эринмасдан биттама-битта суғуриб ташлашингизни маслахат берган бўлардим. Чунки уларни, билиб бўлмайди, фалокат оёқ остида, босиб олинса борми, нақд бир неча ойгача азоб чекиб, шифохоналарга қатнашга тўғри келиши…»

Гапларим шу ерга келганда қўшним мени гапимни шартта бўлиб, жахл билан деди:

— «Э. ука, нима қиласиз бировни ишига аралашиб. Бизни оиламизда ўзи шунақамиз. Майда — чуйда нарсаларга асло эътибор қаратмаймиз. Қайтага оёқ тагига қараб, эътиборлироқ бўлиб юрамиз. Сиз хам…»

Мен хам унинг сўзларини охирига қадар эшитиб ўтирмай, шартта бурилиб, ўз йўлимда кетабердим. Лекин, билмадим, бу ишим тўғримиди ёки бироз мен хам қизишиб кетдимми?… Хуллас, мен ўз йўлимга кетдим, шу билан ўйлашимча бу мавзу хам ёпилди… Бироқ…

Бир куни хайдовчилик курсида ўқиш учун махсус шаклдаги маълумотнома керак бўлиб қолганлиги сабаб, дармонхонага боришимга тўғри келди. У ерда ишимни битириб бўлгач, дармонхонадан чиқиб кетаётиб, бирданига халиги мен билан тортишиб қолган қўшнимга кўзим тушди. У нимагадир мендан ўзини олиб қочаётганга ўхшарди. Мен бундан олдинига хайрон бўлдим. Лекин, бир оздан кейин сабабини билиб олдим…

Қўшним олдига бориб, у билан сўрашиб, хол-ахвол сўрамоқчи бўлдим. Хар холда, «қиёматли қўшни» деган гаплар бор. У мен билан бир оз ўнғайсизланиб сўрашди. Шунда унинг бир оёғи бинтлар билан боғлаб ташланганига кўзим тушиб қолди. Бирдан рўпарадаги эшикдан юзига оқ ниқоб тутган барваста хамшира чиқиб келди-ю, дарров қўшнимга юзланди:

— «Бемор Алиев, сизни товонингизга мих жуда чуқур кирганлигидан шифокор махсус текширувдан ўтишингизни тайинлади. Бундан ташқари, сизда бир оз бўлсада, иситма хам борлиги, оёғингиздаги жарохатингиз эса кун сайин яхши томонга ўзгармаётганлиги бизни ташвишлантирмоқда!»

Хамшира сўзини тугатиб, қўшнимни қўлига қандайдир бир қоғозни тутқазди-ю, дарров яна ўша эшикка қайтиб кириб кетди.

Қўшним эса, менга бир қаради-да, бошини маъноли қимирлатиб қўйди холос. Мен бундан «Сен хақ экансан, ўшанда айтганларингга қулоқ тутсам бўларкан, мана энди, қара, нималарни бошимдан кечирмоқдаман» деган фикрларни ўқигандай бўлдим…

Лекин, энди ,бу фикрларга бир оз кеч эди…

  • Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
  • «Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ