Азалдан хар бир фаслнинг ўзига яраша таровати бўлади дейишади. Хақиқатан хам бу бежиз айтилмаган. Бахор фасли гуллар билан бурканиб, кўзни қувонтирса, ёз фасли турли хил меваларни пишиб етилгани сабаб, пишиқчиликни англатса, куз фасли хам ўз навбатида барча қолган айрим сабзавот ва полиз экинларини етилиб пишган даврини намоён қилади. Қиш хам гарчи, оғизга олиниши билан қахратон ва совуқ кунларни эслатсада, у хақида хам бир талай «илиқ» гапларни айтиш мумкин…
Худди ана шундай қахратон қиш кунларининг бири эди. Чамаси 6 ёшларда бўлсам керак. Чунки, ўшанда китоб, дафтар, қалам, мактаб сумкаси каби нарсаларни хонадонимизда тилга олиш бошланган эди…
Бувимнинг уйлари бизнинг уйимиздан 3 — 4 чақирим нарида эди. Ўша пайтларда кундуз кунлари катталар айтишганидек «эхтиёт бўлиб», баъзан бувимни уйларига бориб, у ерда ўйнаб, вақт ўтказиб, сўнгра кеч кирмасдан «изим»га қайтардим. Чунки, онам хам мени худди шундай деб тайинлаб, сўнгра у ерга боришимга рухсат берарди.
Бир сафар нима бўлди-ю, қоронғи тушгунга қадар ўзим тенги болалар билан ўйнаб қолиб кетдим. Аввалига бувим уйга кеч бўлиб қолгани учун рухсат бермадилар. Кейин барибир «Ўзим кетавераман, қўрқмайман, энди катта бўлиб қолдим» деб туриб олганимдан кейин, иложсиз менга рухсат беришди. Бувим билан хайрлашиб, йўлга тушдим…
Қахратон қиш эди. Қор анча қалин ёққан. У пайтларда кўчаларда транспортлар хозиргига қараганда анча сийрак қатнарди. Шу сабабли, йўлда асосан транспортлар қолдирган издан юришга харакат қилардик. Уйимиз 3-4 чақирим жойда бўлсада, лекин тўғриси, бу масофа 5-6 ёшли гўдак бола учун жудаям узоқ масофадай туюларди. Бувимга «қўрқмайман, кетавераман» деганим билан, барибир бир оз чўчирдим. У пайтлар хонадонлар хам хозиргидек зич жойлашган эмас , яккам-дуккам холда эди. Ора-чора очиқ дала ерларидан хам ўтишга тўғри келарди. Айрим пайтларда эса, итларнинг вахимали «вовуллаши» мени бир оз хавотирга соларди. Бир пайт орқамга қарасам, аёл ва эркак киши мен кетаётган томонга қараб юриб келмоқда. Очиғи, севиниб кетдим. Қўрқувни хам унутаёздим. «Ахир улар менга хамрохлик қилса, улар билан уйимгача етиб оламанку» деб ўйлардим ичимда. Эркак аёлига қараганда каттароқ-каттароқ қадамлар ташлаб, тезроқ юра бошлади. У мендан хам узиб кетиб, анча олдинга ўтиб кетди. У менга эътибор хам бермади. «Аёл хам худди у каби тез-тез юриб, мен қолиб кетаман шекилли» деган ташвиш мени бир зумда чулғаб олди. Аёл менга яқинлашганда, тўхтаб, унга қарадим. У хам тўхтадида, мени олдимга келди. Шарфимни, телпагимни тўғрилаб қўйдида, деди:
— Ха, қўзичоғим, бемахалда қаерга йўл олдинг?
— Уйимизга — дедим қисқагина қилиб. Аёлга уйимизни билганимча тушунтирдим. Бахтимга аёл турмуш ўртоғи билан бизни уйимиз томондаги бир танишиникига мехмондорчиликка кетаётган экан. Аёл мени қўлимдан етаклаб олди. Энди аввалгидан кўра дадилроқ қадам ташлай бошладим. Аёл менга йўл бўйи хар-хил саволларни бериб борарди. Исмимни сўради. Ёшимга қизиқди. Лекин барибир
хар гал гапирганида исмимни айтмай, нуқул «қўзичоқ» дер эди менга . Бир оз юрганимиздан кейин, аввал қор оз-оздан ёғиб, кейин бирданига лайлак қор бошлаб юборди. Қор парчаларини катталигини айтмайсизми. Нимагадир завқланиб, севиниб кетдим. Яна бунинг устига йўлма-йўл хар замонда қор устида сирпаниб қўярдим. Аёл эса, «Хой, қўзичоқ, намунча шўх бўлмасанг?» дея койигандай бўларди…
Халиги эркак (аёлнинг турмуш ўртоғи) эса, бизни кутмасдан тез-тез одимлаб борар, биз томонга қараб хам қўймасди. Аёл бу орада мени қўлларимни қўйиб юборди-да, уст-бошига ёпишиб улгурган қор парчаларини қоқа бошлади. Мен хам қўлим бўшаганидан фойдаланиб, аёлнинг хай-хайлашига қарамай қорда сирпана бошладим. Кейин бирданига яхшигина йиқилдим хам. Аёл мени ўрнимдан турғизиб, қорларимни қоқди. «Ёмон тушмадингми, қўзичоғим?»-деб сўраган бўлди. Мен «Йўқ» дегандай бошимни қимирлатдим. Яна йўлимизда давом этдик. Ярим йўлда бирданига аёлнинг турмуш ўртоғи тўхтаб, бизни кутиб турди. Биз шундан фойдаланиб, унга етиб олдик. Етганимизда аёл деди:
— Намунча тез юрмасангиз? Бизни қўрқадиям, демайсиз-а?!
Эркак хиринглаб, беўхшовгина кулдида, деди:
— Э, қўйсангчи, сени ит ермиди!….
Аёл бу гаплардан ўнғайсизланди. Савол назари билан нимагадир менга қаради.
— Қўзичоқ, поччангни гапларини тушундингми? — деди секингина қулоғимга энгашиб. Мен яна бошимни қимирлатиб, «йўқ» деган ишорани қилдим. «Агар ха десам, мени ярим йўлда ташлаб кетишади» деган болаларга хос хавотир ичида эдим. Айниқса, «Катталарни гапига қулоқ солиш ёмон одатлардан бири» деб, доим миямизга қуйишгани хам эсимда эди. Аёл менга қараб кулимсираб, «Балога ақлинг етади сени» деб, юзларимни ёлғондан шапатилаб қўйдида, яна қўлимдан етаклаб йўлга тушди. Энди эркак биздан олдинлаб кетмас, аксинча, биз билан ёнма-ён кета бошлади. Мен яна болаларча фикрлай бошладим. «Демак, у ёқда булардан хам каттароқ киши кутиб турибди, биз билан тенг бормаса, нимага уларни ёлғиз ташлаб, орқада қолдирдинг» деган танбехни эшитмаслик учун, манзилга оз қолганда айёрлик қиляпган шекилли».
Шуларни ўйлаб, халиги кишига ер остидан қараб қўйдим. У эса, барча нарсага парвойи палак, жимгина йўлида давом этарди. Уйимиз олдига келганда эса, шошганимдан «Мана шу бизнинг уйимиз, мен етиб келдим» дейиш ўрнига, оёқларимни қорга тиразлаб, тўхташга харакат қилдим. Нега бунақа қилганимни ўзим хам билмайман. Балким хақиқатан хам шошиб қолгандирман.
Аёл «Вой, қўзичоқ, уйимга келдим демайсанми? Сенга бошим қоронғимас…» деди-ю, қўлларимни қўйиб юборди ва қўлини хавода силкитиб, «Хайр» деган ишорани қилдида, турмуш ўртоғи билан йўлларида яна давом этишди. Мен эса улар кўздан ғойиб бўлишгунча, бир зум қараб турдим. Аёлнинг «Сенга бошим қоронғимас» деган сўзлари менга таниш туюлди. Ха, тўғри. Бувим хам, роса тўполон қилиб, шўхлигим кучайган пайтларда, «Хозир уйингга хайдаб юбораман, сен зумрашани. Сенга бошим қоронғимас» дер эдилар. Худди келишиб олишгандай, хаммалари бир хил сўзни ишлатишаркан-да.(У пайтларда бу сўзларнинг маъносига ақлим етмасди).
Мен эшигимиз олдига бориб, гарчи уларни аллақачон кетиб бўлишганини билсам хам, ортимга яна бир бор ўгирилиб қарадим. Ёғаётган қор парчалари эса бу пайтда менинг кийимларимни анча оқартиришга улгурган эди…
***
Бир куни набирамни сочини олдириш учун сартарошхонага бордим. Бахтга қарши сартарошхонада одам кўп экан. Навбат олиб, кутиб турдик. Шу пайт бир кексароқ кампир хам набирасини етаклаб келди. Қиш фасли эди. Бир пайт набираси бувисининг қўлидан юлқиниб чиқиб кетди-да, қорда сирпана бошлади. Кейин эса бирдан йиқилиб тушди. Шунда ўзимнинг хам ёшлик пайтимдаги сирпанмоқчи бўлганим ва йиқилганим ёдимга тушди. Шошилиб, югуриб бориб, «Ёмон тушмадингми, ишқилиб?» дедимда, болакайнинг қорларини қоқиб, бувисини қўлига тутқаздим. Буви эса менга «рахмат» деб миннатдорчилик билдирди-да, деди:
— Шу десангиз, мана шу набирам жуда шўх чиқди-да. Бошқаларига сира-сира ўхшамади. Айтмоқчи, хозиргина набирамга «Ёмон тушмадингми, ишқилиб» дедингизми?
— Ха, шундай дедим! — деб жавоб бердим ажабланиб. Билмасдан ножўя гап гапириб юбордиммикан деган хаёлга хам бордим.
— Хаётни қизиқлигини қаранг, болам. Агар хотирам панд бермаса, бундан 50 йил муқаддам қиш фаслида худди шу кўчадан, рахматли чолим билан кетаётиб, бир 5-6 ёшли болакайни ўзимизга хамрох қилиб етаклаб олгандик. Лекин у пайтларда ёш навқирон эдик. Ўша болакай хам мени хозирги набирам каби анчагина шўх эди. Кейин сирпаниб йиқилиб тушди. Мен уни ўрнидан турғазиб, қорларини қоқиб, «Ёмон йиқилмадингми, ишқилиб» деб, сўнгра….
Бувининг гаплари шу ерга етганда мени юрагим ғалати ура бошлади, қаттиқ хаяжон босди. Буви гапиришдан тўхтамасди, лекин менинг қулоқларимга унинг гапларини бирортаси хам кирмасди. Чунки мен бу пайт бу ерда эмас эдим. Аниқроғи, таънам шу ерда бўлсада, хаёлан вақт машинасида қарийб 50 йил ортга, яъни беғубор болалигим қўйнига қайтган эдим. Буви хамон нималарнидир сўзлар, мен эса ширин болалик хотираларига бутунлай ғарқ бўлгандим…
Сал ўзимга келгач, бувининг исмини, уй манзилини сўрамоқчи ва кейин ўзимни таништириб, «Мана, мен ўша 50 йил аввалги болакайман, қаранг кап-катта одам бўлиб қолдим, набирам хам бор» деб уни ажаблантирмоқчи бўлдиму, лекин тўхтаб қолдим. Яхшиси, кўпчилик олдида индамайман, буви ташқарига чиққанида холироқ жойда ўзимни таништираман. Бунинг сабаби бор, албатта. Чунки, ўшанда турмуш ўртоғининг унга айтган гапи, яъни ўша «Сени ит ермиди?» деган гапини хеч кимга айтмаганимни ва бундан кейин хам айтмоқчи эмаслигимни гапираман.
Шуларни ўйлаб, набирамни олиб, ярим чақирим ердаги савдо дўконидаги ишимни битириб келай деб, ўша томонга юрдим. Бувининг навбати келгунча камида 20 минут вақт керак. Мен эса бор-йўғи 10 минутда қайтаман.
Хақиқатан хам дўкондан набирам билан мўлжалланганидан хам эртароқ қайтдик. Чунки, менда буви билан тезроқ кўришиш иштиёқи баланд эди. Сартарошхонага кирдик. Лекин афсуски, у ерда буви йўқ эди…
— Буви қани — деб сўрадим сартарошдан шошилиб.
— Бувини ёшларини хурмат қилиб, уларга навбатсиз хизмат кўрсатдик — деди у мамнун холда, ўтирганларга ишора қилиб. Ўтирганлар хам истар-истамас бошларини сарак-сарак қилиб, бу гапни тасдиқлагандай бўлишди.
Мени эса, аксинча жахлим чиқаётганди. Сартарош менга бир қаради-ю, ажабланганлигини билдиргандай, елкасини қисдида, ўз ишини давом этдира бошлади.
Мен у ёқдан бу ёққа юра бошладим. Бироз асабийлашдим. Сартарош менга қараб:
— Тобингиз йўқми? — деди.
— Йўқ яхшиман. Халиги бувини танийсизми? — деб сўрадим.
— Йўқ, биринчи кўришим — жавоб қилди сартарош. Шунда савол назари билан қолган ўтирганларга қарадим. Улар хам елка қисишдан нарига ўтишмади. Демак, бувининг уйи шу яқин атрофда эмас. Мабодо, қидирган тақдиримда хам уни топиш осон бўлмайди.
Ташқарида набирам билан бироз турдик. Қарасам, набирам совуқ қотиб қолади. Кетаётганимизда, сартарош хам ташқарига чекиш учун чиққан экан:
— Ака, бирон нима йўқотмадингизми? — сўради жилмайиб.
— Болаликдаги хотираларимни топиб олувдим, шуни йўқотиб қўйдим! — дедим ярим жиддий охангда.
Сартарош бу гапларимни «хазил» деб қабул қилди-ю, кулимсираб, иш жойига қайтиб кириб кетди. Биз хам набирам иккимиз уйга йўл олдик. Йўлма-йўл набирам бир нималарни чулдираб, гапириб борарди. Лекин унинг бу «чулдирашлари» қулоғимга кирмасди. Мен хали хам 50 йил аввалги болалик давримда, набирам тенги «болакай» қиёфасида эдим…
Кейинроқ хам ўша бувини суриштирмоқчи бўлдим, лекин на исмини биламан, на бир манзилини. Начора….
***
Орадан анча йиллар ўтди. Мен хам аввалгидан бир оз кексайиб хам колгандим.
Кунларнинг бирида бир дўстимнинг яқин қариндошларидан бири вафот этди. Жанозадан кейин мархумани қабрга қўйиш учун қабристонга йўл олдик. Мархумани расм-русмлар билан дафн этилди, Сўнгра қабристондан бирин-кетин тарқала бошладик…
Бир неча кундан кейин, таомилга кўра мархума учун эхсон қилинди. Мен хам таклиф этилганим учун, дўстим иккимиз айтилган вақтда мархуманинг хонадонига кириб бордик. Эхсон учун дастурхон ёзилган уйга кириб жойлашдик. Шунда барча ўтирганлар хар-хар замонда уйнинг тўрига бир-бир қараб қўяётганлари эътиборимни тортди. Аслида, одат бўйича хадеб у ёқ — бу ёққа қарай бериш одобсизлик саналади. Бир пайт мен хам улар каби беихтиёр, уй тўрига аста назар ташладим. Қарадиму…
Уй тўрида мархуманинг сурати илиб қўйилган эди. Суратдаги мархума эса — афсуски, ўша буви эди.
Шундагина мен, болаликдаги ўша лайлак қор ёққан кундаги беғубор хотираларни жонли ягона гувохини бир умрга йўқотганимни хис қилдим….